ҚР Бош вазири ўринбосари Қарағанди вилоятидаги сув тошқини билан боғлиқ вазиятни кўздан кечирди
ASTANA. Кazinform – ҚР Бош вазири ўринбосари – Тошқинга қарши чора-тадбирларни мувофиқлаштириш ва тошқин оқибатларини бартараф этиш бўйича Республика штаби бошлиғининг ўринбосари Қанат Бозимбаев ва Фавқулодда вазиятлар вазири Шинғис Аринов Қарағанди вилоятидаги сув тошқини билан боғлиқ вазиятни кўздан кечирди.

Бош вазир ўринбосари ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбари Қарағанди вилояти дарёлари ҳавзаларини ҳаводан кузатиб, вилоятдаги вазият билан танишди. Вазият жиддий деб баҳоланмоқда: ҳудудда сув тошқинининг иккинчи тўлқини кутилмоқда. Нура, Осакаров туманлари ҳудудининг 40 фоизи ва Ақтоғай туманининг шимолий қисмида қор эримаган. Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида Фуқаро муҳофазаси хизматининг қўшимча куч ва воситалари сув тошқини хавфи бўлган ҳудудларга сафарбар этилди. Барча зарур ишлар олиб борилмоқда, тўғонлар мустаҳкамланди, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва хизматлар техника билан таъминланди.
Бош штаб бошлиғи ўринбосари фавқуллодда ҳолат режими эълон қилинган Шет туманидаги вазият билан танишди. Тўрт қишлоқда – Қайрақти, Оқсув, Красная Поляна, Дерипсалда 40 та уй сув остида қолган, 292 киши қутқарилган, улардан 114 нафари болалардир. Ҳозирда вазият бироз барқарорлашган, айрим аҳоли уйларига қайтмоқда.
Қанат Бозимбаевга сув тошқинининг оғир оқибатларининг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўзлаб берилди. Фавқулодда вазиятлар департаменти маълумотларига кўра, энг оғир давр 29-30 март кунлари бўлган. Ҳозирда сув омбори кучайтирилган режимда ишламоқда.
“Нура ва Шерубай-Нура юқори томонида қорнинг тез эриши тўхтади. Қор юзаси қалин эмас. Нура дарёсига ортиқча сув қуйилмайди. Айтиш мумкинки, тошқиннинг энг хавфли вақти Қарқарали ва Бухар Жирау туманлари ҳудудларида ҳам орқада қолди”, — деди Фавқулодда вазиятлар департаменти бошлиғи Мурат Қатпанов.
Шет туманидаги қишлоқларнинг жабрланган аҳолиси билан учрашувда Бош штаб бошлиғи ўринбосари тошқин оқибатида етказилган барча йўқотишлар комиссия томонидан баҳоланиб, тўлиқ қопланишини таъкидлади.
“Давлат раҳбари сув тошқини оқибатларини минималлаштириш, биринчи навбатда аҳоли хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берди. Комиссия барча уйларни текширади. Ёрдам кўрсатилади, мулк тикланади ва компенсация тўланади. Уйлар яроқсиз деб топилса, янгилари қурилади ёки иккиламчи бозордан бошқа уй-жойлар сотиб олинади”, - дея тушунтирди қишлоқ аҳолисига Қанат Бозимбаев.
Энди штабнинг асосий эътибори Нура дарёси ҳавзасига қаратилган. Вилоят ҳокимлиги томонидан аҳоли пунктларини сув босиши хавфининг олдини олиш мақсадида профилактика чоралари кўрилмоқда. Бунинг эвазига Ҳукумат барча зарур ёрдамни беради.
Ақмола вилояти ва Астана шаҳри ҳокимларига Аршали ва Целиноград туманларида сув тошқинларига қарши куч ва воситаларни тайёрлаш бўйича топшириқлар берилди.