ҚР Бош вазири Паралимпия терма жамоаси аъзоларига Давлат Байроғини топширди
ASTANА. Kazinform - 28 август куни Франция пойтахти Парижда ХVII ёзги Паралимпия ўйинлари бошланади. Бугун Астана шаҳрида Қозоғистон Республикаси Бош вазири Олжас Бектенов Миллий Паралимпия терма жамоаси аъзоларига Давлат байроғини топширди.
Париждаги ўйинда Қозоғистон байроғини Осиё Паралимпия ўйинлари совриндори, Қозоғистоннинг ўн карра чемпиони (ўтирган ҳолда ўйналадиган волейбол) Берик Измағанбеотв ва ўқ отиш бўйича чемпион Севда Алиева кўтариб чиқади.
Маросимда Олжас Бектенов спортчиларга самимий тилакларини билдириб, уларга муваффақиятлар тилади.
— Паралимпия ўйинлари шунчаки спорт тури эмас, у инсоннинг чексиз имкониятларининг исботидир. Сизларнинг қатъиятингиз ва жасоратингиз таҳсинга сазовор. Миллионлаб одамлар сизларнинг фидойилигингиз ва букилмас руҳингиздан илҳомланиб, ҳаётдаги тўсиқларни енгиб ўтишни ўрганадилар. Бугун сизларга тақдим этилаётган байроқ ҳамжиҳатлик ва ғалаба рамзидир. Давлат раҳбари жаҳоннинг йирик спорт мусобақаларида юрт шарафини ҳимоя қилиш шарафли вазифа, катта обрў ва масъулият эканини таъкидлади. Ишончимиз комилки, сиз Қозоғистонни халқаро майдонда ҳимоя қилиб, шоҳсупадан кўринасизлар, – деди Бош вазир.
Бу йилги мусобақада миллий терма жамоа пара югуриш, пара пауэрлифтинг, пара атлетика, пара каноэ, пара таэквондо, ўтирган ҳолда ўйналадиган волейбол, пара ўқ отиш, пара стол тенниси ва пара дзюдо бўйича баҳс олиб боради. Спортчилар ўзларига юкланган масъулият ва вазифани сидқидилдан бажаришга ваъда беришди.
- Бугунгу кун мен учун жуда муҳимдир. Бундай савиядаги мусобақаларда ватанимиз Байроғини олиб юриш катта масъулиятдир. Ҳар бир спортчи Паралимпия ўйинларида қатнашишни орзу қилади. Қозоғистон шарафини муносиб ҳимоя қилиш учун бор кучимизни ишга соламиз. Қалбимизда Ватанга муҳаббат, ғалабага ўзгача иштиёқ мужассам, – дейди Берик Измағанбетов.
Паралимпия ўйинларига борадиган спортчилар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Масалан, Токиодаги мусобақада Қозоғистондан 26 нафар спортчи иштирок этган бўлса, бу йил 9 спорт тури бўйича 44 нафар спортчи 33 та йўлланмани қўлга киритди. 1996 йилдан бери Қозоғистон терма жамоаси ёзги Паралимпия ўйинларида 7 та медални қўлга киритди.
Ермурат ЗУЛҚАРНАЙ