ҚР Бош вазири мамлакат машинасозлик саноатини ривожлантириш бўйича топшириқ берди
ASTANА. Кazinform - “Самруқ-Қазна” жамғармасига 2025 йил охиригача харидлар тартибида маҳаллий қамров улушини 89 фоизга ошириш топширилди. Бу ҳақда ҚР Бош вазири Олжас Бектенов Ҳукумат йиғилишида маълум қилди.
“Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида биз бир қатор муҳандислик товарларини давлат харидлари рўйхатидан олиб ташладик. Шунга қарамай, пудратчи ташкилотлар томонидан хориждан келтирилган товарларни яширин равишда сотиб олиш ҳолатлари давом этмоқда. Шу боис, Саноат ва Молия вазирликларига ишлар ва кўрсатиладиган хизматларда ички улуш талаблари бажарилиши устидан назоратни кучайтиришни топшираман”, - деди у.
Шу билан бирга, Бош вазир ускуналарнинг эскириш даражасини пасайтириш бўйича топшириқ берди.
“Машинасозлик корхоналарига ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун имтиёзли кредитлар ажратиш керак. Саноат, Молия, Миллий иқтисодиёт вазирликлари ва “Байтерек” холдингига тасдиқланган молиявий-иқтисодий тадқиқотлар доирасида машинасозлик соҳасидаги лойиҳаларни қўшимча молиялаштиришни таъминлашни топшираман”, — деди Олжас Бектенов.
Шунингдек, “Самруқ-Қазна” жамғармаси ва унинг шўъба корхоналари мамлакат машинасозлик саноати маҳсулотларининг энг йирик истеъмолчиларидан бири ҳисобланади. Жорий йил якунларига кўра, холдингнинг харидлар тартибида маҳаллий қамров улушини 82 фоизга етказиш кутилмоқда.
“Самруқ-Қазна” жамғармасига 2025 йил охиригача бу кўрсаткични 89 фоизга етказишни топшираман. Корхоналарни қўллаб-қувватлаш учун оффтейк ва узоқ муддатли шартномалар механизмидан фойдаланиш керак. Бундай шартларни тасдиқлашда бизнеснинг қарши мажбуриятларини ҳисобга олиш лозим. Улар маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, янги иш ўринлари яратиш, йирик корхоналар атрофида кичик ва ўрта корхоналар очишга эътибор қаратишлари даркор. Бу машинасозлик саноати қатори бутун саноатнинг ўсишига мультипликатив таъсир кўрсатади”, — деди Бош вазир.