ҚР Бош вазири ИҲТ маконида транспорт-логистика тизимлари интеграциясини кучайтиришга чақирди

ИҲТ
Фото: primeminister.kz

Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаилов давлат раҳбарининг топшириғига биноан Ўзбекистонга амалий ташрифи доирасида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммитида иштирок этди, дея хабар беради Кazinform Ҳукумат расмий сайтига таяниб.

Алихан Смаилов ўз нутқида ИҲТ улкан табиий ресурсларга эга дунёнинг стратегик минтақасини бирлаштирганини, бу нафақат аъзо давлатлар, балки жаҳон иқтисодиёти учун ҳам муҳим эканини такидлади.

Умуман олганда, ИҲТ мамлакатлари тахминан 500 миллион аҳоли ва 2 триллион доллар ялпи ички маҳсулотга эга бўлган 8 миллион квадрат километр майдонни эгаллайди.

“Бу ташкилотнинг муҳим иқтисодий салоҳиятидан далолат беради, бу эса Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг халқаро майдондаги нуфузини янада ошириш бўйича олдимизга юксак мақсадларни қўйиш имконини беради”, — деди Бош вазир.

Ҳукумат раҳбарининг сўзларига кўра, ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг устувор йўналишларидан бири ҳудудлараро савдони рағбатлантириш бўлиши керак.

“Ўтган йил якунларига кўра, Қозоғистоннинг ИҲТ давлатлари билан савдо айланмаси 40 фоизга ошиб, 16,5 миллиард долларга етди. Шунингдек, жорий йилнинг 8 ойида товар айланмаси 3 фоизга камайган. Бу кўрсаткичларни яхшилаш мақсадида Қозоғистон Ташкилотнинг ҳар бир давлатига қўшимча 100 турдаги товар экспорт қилишга тайёр”, — деди Алихан Смаилов.

ИҲТ
Фото: primeminister.kz

 

Бундан ташқари, Ҳукумат раҳбари мамлакатда қайта ишланган ва озиқ-овқат маҳсулотларини ташиш ҳажмини ошириш имконини берувчи трансчегаравий узелларни барпо этиш бўйича кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилаётганини маълум қилди.

Масалан, замонавий савдо-логистика инфратузилмасини ривожлантириш бўйича асосий лойиҳалардан бири Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасидаги “Марказий Осиё” халқаро саноат кооперацияси марказидир. Бундай саноат савдо-логистика мажмуаси Қирғизистон билан чегарада ҳам қурилади.

ИҲТ
Фото: primeminister.kz

 

“Шунингдек, иттифоқимиз доирасида чегарамиз периметри бўйлаб Қозоғистонда ташкил этилган ва фаолият юритаётган вақтинчалик сақлаш омборларидан фойдаланиш орқали алоқаларни кенгайтиришни таклиф қиламиз”, — деди Бош вазир.

Алихан Смаиловнинг сўзларига кўра, ИҲТга аъзо 10 давлатдан еттитаси жаҳон океанига чиқиш имконига эга эмаслиги сабабли минтақанинг ўзаро юк ташишларини ривожлантириш муҳим.

Бугунги кунда Қозоғистон Транскаспий халқаро транспорт йўналишини ривожлантиришга устувор аҳамият бериб, инфратузилма ва логистика лойиҳаларида фаол иштирок этмоқда. Унинг салоҳиятини ошириш мақсадида Қозоғистон, Озарбайжон, Грузия ва Туркия давлатлари бир вақтнинг ўзида “тор” ҳудудларни йўқ қилиш ва Ўрта коридорни 2027 йилгача ривожлантириш бўйича “Йўл хариталари”ни амалга оширмоқда.

Эрдоған
Фото: primeminister.kz

 

“Улар йўналишнинг ўтказиш қобилиятини сезиларли даражада ошириш имконини бермоқда”, – деди Ҳукумат раҳбари.

Бош вазирнинг сўзларига кўра, Ўзбекистондан Қозоғистоннинг ғарбий вилоятларига тўғридан-тўғри чиқишни таъминлаш учун “Бейнеу-Шалқар” автомобиль йўли қурилади, бу эса 8- ТРАСЕКА йўлаги қурилишини якунлаш имконини беради.

“Биз Каспий денгизидаги портларимиз салоҳиятини фаол равишда кенгайтирмоқдамиз. Ақтау портида контейнер хаб, Қуриқ портида кўп функцияли “Саржа” терминали қурилади. Хитой билан ўтказиш пунктларида Марказий Осиё мамлакатлари учун алоҳида станция йўллари қуриш режалаштирилган. Бу йўналишда юк айланмасини тизимли равишда ошириб, 2030 йилга бориб йилига 500 минг контейнерга етказиш ниятидамиз”, — деди Алихан Смаилов.

Эмомали Раҳмон
Фото: primeminister.kz

 

Бундан ташқари, Бош вазир Қозоғистон “Шимол-Жануб” транспорт йўлаги салоҳиятини ошириш чораларини кўраётганини маълум қилди. Бу йўналишни ривожлантириш мақсадида Эрон, Туркманистон ва Россия билан ҳамкорликда тегишли “Йўл харитаси” амалга оширилмоқда. Бу 2027 йилга бориб йўлакнинг юк қувватини 10 миллион тоннадан 15 миллион тоннагача оширади.

Илҳом Алиев
Фото: primeminister.kz

 

“Қозоғистон-Туркманистон-Эрон” темир йўли ИҲТ мамлакатлари Марказий Осиё ва Яқин Шарқ ўртасидаги энг қисқа йўл сифатида алоҳида аҳамиятга эга. Жорий йилнинг 9 ойида Эронга юк ташиш ҳажми 9 фоизга ошиб, 1,5 миллион тоннадан ошди.

“Умумий маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, транспорт-логистика тизимлари интеграциясини чуқурлаштириш масалалари бўйича биргаликдаги ишларни кучайтириш зарур”, — деди Алихан Смаилов.

ИҲТ
Фото: primeminister.kz

 

Бош вазир ҳамкорликнинг яна бир муҳим устувор йўналиши сифатида саноат кооперациясини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, Қозоғистонда ИҲТ мамлакатлари билан 13 мингдан ортиқ қўшма корхона мавжуд бўлиб, биргина ўтган йилнинг ўзида уларнинг 1800 га яқини қўшилган.

“Ҳозирда ИҲТ мамлакатлари билан машинасозлик, металлургия, енгил ва кимё саноати, қурилиш саноати, ер қаъридан фойдаланиш каби йўналишларда умумий қиймати қарийб 2,7 миллиард долларлик 26 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Биз бизнес ҳамкорларни янги юқори технологияли лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга таклиф қиламиз”, — деди Бош вазир.

Якунида Алихан Смаилов Қозоғистон ИҲТ тамойилларига содиқлигини ва умумий юксак мақсадларга эришиш учун барча саъй-ҳаракатларини қилишга тайёрлигини билдирди.

Сўнгги хабарлар
telegram