ҚР Бош вазири ХХР ҳукумати билан юк ташиш ва ҳаво қатнови масалаларини муҳокама қилди

None
ASTANA. Кazinform – Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаилов ва Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазири Ли Кэцян видеоалоқа режимида ўтказилган икки томонлама музокаралар чоғида Қозоғистон-Хитой ҳамкорлигини мустаҳкамлашнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Kazinform primmeminister.kz сайтига таяниб хабар беради.

Хусусан, савдо-иқтисодий ва транспорт-транзит, энергетика, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, экология, туризм, молия сектори ва инновацион технологиялар каби соҳалардаги ҳамкорлик масалалари кўтарилди.

Алихан Смаилов ўз нутқида Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми ўтган йил якунлари бўйича 14 фоизга ошганини ва 18 миллиард долларга етганини таъкидлади. Шу билан бирга, жорий йилда сезиларли ўсиш қайд этилди, 10 ой ичида бу кўрсаткич қарийб 33 фоизга ўсди ва 19,7 миллиард долларни ташкил этди.

«Давлат раҳбарлари 2030 йилга бориб товар айирбошлаш ҳажмини 35 миллиард долларга етказиш вазифасини қўйдилар. Биз хитойлик ҳамкасбларимиз билан биргаликда ушбу кенг кўламли вазифани амалга оширишга тайёрмиз», — деди Бош вазир.

Унинг сўзларига кўра, етказиб бериладиган товар ва хизматлар турларини янада кенгайтириш, шунингдек, икки давлат ишбилармон гуруҳлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиш зарур. Хусусан, Қозоғистон ижобий савдо тенденциясини мустаҳкамлашга ва Хитойга 135 та товар позициясида ўз маҳсулотларини экспорт қилишни оширишга тайёр.

Алихан Смаилов ҳамкорликнинг бошқа устувор йўналишлари қаторида нефт-газ ва машинасозлик соҳасида янги лойиҳаларни ишга тушириш, темир йўл юк ташишни ривожлантириш, жумладан, Қозоғистон ва Хитой ўртасида учинчи темир йўл чегара йўлларининг кесишма пункти очилишини, шунингдек, ҳамкорлик самарадорлигини оширишни таъкидлади.

Шу билан бирга, Бош вазир Қозоғистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш, йўловчи қатновини кўпайтириш, трансчегаравий дарёлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш бўйича ҳамкорликни фаоллаштириш муҳимлигини таъкидлади.

«Биз фаол мулоқотга тайёрмиз. Ишонаманки, Қозоғистон-Хитой стратегик шериклигининг юқори динамикаси барча йўналишларда ривожланади», — деди Алихан Смаилов.

Ўз навбатида, Ли Кэцян Хитой Қозоғистонга дўстона қўшни ва муҳим савдо шериги сифатида қарашини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ХХР товарлар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб бериш ҳажмини ошириш, энергетика соҳасида янги лойиҳаларни ишга тушириш, шунингдек, гуманитар алоқалар ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришдан айниқса манфаатдор.

«Биз қозоғистонлик ҳамкасбларимиз билан мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш учун ҳамкорлик қилишга тайёрмиз», — деди Ли Кэцян.

Фото: primeminister.kz


Сўнгги хабарлар