ҚР Бош вазири Бишкекда бўлиб ўтаёган ШҲТга аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарларининг йиғилишида нималар ҳақида гапирди
Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаилов Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида бўлиб ўтаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг 22-йиғилишида нутқ сўзлади, деб хабар беради Kazinform агентлиги.
Тадбир давомида томонлар минтақавий ривожланишнинг кенг кўламли масалалари юзасидан фикр алмашдилар, шунингдек, ШҲТ доирасидаги савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг долзарб йўналишларини муҳокама қилдилар.
Алихан Смаилов ўз нутқида ШҲТ салмоқли табиий ресурслар, технологик ва интеллектуал салоҳиятга эга бўлган ҳолда ўзининг асосий мақсадлари сари изчил қадам ташлаётганини таъкидлади.
“Бу тенг ҳуқуқли шериклик асосида минтақада мувозанатли иқтисодий ўсишга, ижтимоий ва маданий тараққиётга эришишдир”, - деди у.
Бош вазир июль ойида бўлиб ўтган саммит якунлари бўйича ШҲТ давлатлари раҳбарлари савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ошириш бўйича қатор вазифалар қўйганини эслатди.
“Бу йўналишдаги биргаликдаги саъй-ҳаракатлардан асосий мақсад ШҲТга аъзо давлатларнинг барча манфаатларига жавоб берадиган платформа сифатидаги ролини янада кучайтиришдан иборат. Бу ШҲТга раислик доирасида Қозоғистон учун жуда муҳим ёндашув”, — деди Алихон Смаилов.
Шу муносабат билан Ҳукумат раҳбари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.
Умуман олганда, 20 йилдан ортиқ вақт мобайнида минтақалараро товар айирбошлаш ҳажми қарийб 100 баробар ошди.
Ўтган йил якунларига кўра, Қозоғистоннинг ШҲТ давлатлари билан савдо айланмаси қарийб 20 фоизга ошиб, 61 миллиард долларга етди.
“Электрон савдо истиқболли соҳалардан бирига айланмоқда. Турли ҳисоб-китобларга кўра, жорий йилда ШҲТ мамлакатларида электрон савдодан тушган умумий даромад тахминан 1,5 триллион долларни ташкил қилиши мумкин. Аввало, божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш орқали электрон тижоратни қўллаб-қувватлаш учун барча имкониятларни ишга солишимиз керак”, — деди Алихан Смаилов.
Шу мақсадда Бош вазир ШҲТга аъзо давлатлар божхона органлари раҳбарларининг навбатдан ташқари йиғилишини ўтказиш, шунингдек, ўзаро ҳисоб-китобларда миллий валюталар улушини ошириш ва “Астана” халқаро молия маркази имкониятларидан фаол фойдаланишни таклиф қилди.
Учрашув якунларига кўра делегация раҳбарлари бир қатор ҳужжатларни имзоладилар.