ҚР Бош вазири Америка компанияси раҳбари билан IT-ечимларнинг ривожланишини муҳокама қилди

ASTANА. Кazinform - Қозоғистон Бош вазири Олжас Бектенов Американинг энг йирик технологик компанияларидан бири EPAM Systems директорлар кенгаши раиси, бош директори ва президенти Аркадий Добкин билан рақамлаштириш, IT-таълим ва Қозоғистон технологик экотизимини ривожлантириш соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Ҳукумат матбуот хизмати хабар берди.

ҚР Бош вазири Америка компанияси раҳбари билан IT-ечимларнинг ривожланишини муҳокама қилди
Фото: ҚР Ҳукумати

Суҳбат чоғида жаҳон технология бозорини ривожлантиришнинг замонавий тенденциялари ва янги қўшма бизнес ечимларни ишлаб чиқиш истиқболлари, тадқиқот ташаббуслари, жумладан, Миллий сунъий интеллект марказида сунъий интеллект лабораториясини очиш масалалари кўриб чиқилди.

EPAM Systems - дастурий таъминотни ишлаб чиқиш ва консалтинг соҳасида жаҳон етакчиси. Бугунги кунда EPAM компанияси Қозоғистоннинг 17 дан ортиқ шаҳарларида тақдим этилган ва 1000 га яқин ходимга эга, 2024 йилда Astana Hubда иштирок этиш доирасида 40 миллион доллардан ортиқ хизматлар экспорт қилинган.

Добкин
Фото: ҚР Ҳукумати

 

Томонлар IТ-таълимни ривожлантириш йўналиши бўйича 5000 дан ортиқ мутахассислар тайёрлаган EPAM Kazakhstan ўқув марказининг аҳамиятини таъкидладилар. Tech Orda дастури орқали компания 700 дан ортиқ талабаларни Java, Python ва Data Engineering каби муҳим соҳаларда IТ кўникмаларига ўргатди. Бу йил яна 300 нафар талаба ўқиш учун танлаб олинди.

“Президент Қасим-Жомарт Тоқаев ўз олдига стратегик вазифа қўйди. Қозоғистон оммавий рақамлаштириш ва сунъий интеллектни жадал ривожлантириш ҳудудига айланиши керак. Биз шу йўналишда ишлаяпмиз. 5 йил ичида IT хизматлари экспорти ҳажми 30 миллион доллардан 600 миллион долларгача ошди. Бироқ, бу етарли эмас, бизда катта имкониятлар мавжуд. Қозоғистонлик мутахассислар иқтидорли ва рақобатбардошдир. Жаҳон гигантлари билан ҳамкорлик самарадорликни ошириш ва илғор суръатларда ривожланишни таъминлаш имконини беради”, – деди Олжас Бектенов.

Ўз навбатида Аркадий Добкин Қозоғистонда қулай сармоявий муҳит мавжудлигини таъкидлаб, рақамлаштириш ва иқтисодиётнинг аниқ тармоқларига янги технологияларни жорий этиш соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича қатор таклифлар билдирди.

Учрашув якунларига кўра, рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирига лойиҳаларни қўллаб-қувватлашни кучайтириш, зарур ёрдам кўрсатиш бўйича топшириқ берилди.

Сўнгги хабарлар