ҚР Адлия вазири М.Тэтчер орденининг сотилиши ҳақида фикр билдирди
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон Республикаси Адлия вазири Азамат Есқараев британиялик сиёсатчи Маргарет Тэтчерга тегишли «Достық» орденининг сотилиши ҳақида ўз фикрини билдирди.
"Биз бу маълумотлардан хабардормиз. Албатта, қонунчилигимизга кўра, давлат мукофотлари сотилмайди. Бунинг учун Жиноят кодексида жавобгарлик бор. Агар бирор киши давлат мукофотлари билан савдо қилса, у жавобгарликка тортилади. Маргарет Тэтчер тарихий шахс бўлгани учун шахсий буюмлари, ҳужжатлари ва ёдгорликларини кимошди савдосига қўйиш тажрибасига эга. Бу уларнинг маданиятининг бир қисмидир”, – деди вазир М. Нариқбаев университетида журналистларига берган интервьюсида.
Журналистлар вазирдан ушбу ҳодиса бўйича тергов ва таъқиблар бўладими, деб сўрашди.
Ўз навбатида, А.Есқараевнинг айтишича, бу масала Ташқи ишлар ва Маданият вазирликлари ваколатига киради.
Бунгача ОАВда Маргарет Тэтчерга берилган «Достық» ордени сотувга қўйилгани ҳақида хабар тарқаган эди.
Бу мукофот Маргарет Тэтчерга 2001 йилда Қозоғистон ва Буюк Британия ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун берилган.