Қозоқ тилини ривожлантириш доимо устувор вазифа бўлиб қолади – ҚР Президенти
Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев “Қозоқ тили” жамияти президенти, Миллий қурултой аъзоси Рауан Кенжеханулини қабул қилди, дея хабар беради Kazinform агентлиги Ақорда матбуот хизматига таяниб.

Учрашувда тил сиёсатини такомиллаштиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Президент таъкидлаганидек, қозоқ тилини янада ривожлантириш ҳамиша давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бўлиб қолади. Шу билан бирга, унинг фикрича, қозоқ тилининг қўлланиш доирасини кенгайтиришга қаратилган амалий ишларга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Хусусан, таълим, технология ва оммавий ахборот воситаларида давлат тилидаги контент ва рақамли маҳсулотлар улушини ошириш зарур.
Давлат раҳбари болалар учун анимацион фильмлар яратиш, кино маҳсулотлар ва илмий адабиётлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, ижтимоий тармоқларда маърифий каналлар очиш муҳимлигини таъкидлади. Бундан ташқари, глобал рақамли платформаларни қозоқ тилига босқичма-босқич ўтказиш ва тил ўрганиш имконини берувчи маҳаллий ахборот тизимларини модернизация қилиш зарур.
Президент турли ижтимоий қатламлар, жумладан, ёшлар ўртасида тил мусаффолигини сақлашда ўқиш ва ёзиш саводхонлигини ошириш чора-тадбирлари муҳимлигига алоҳида тўхталди.
Қасим-Жомарт Тоқаев “Қозоқ тили” жамиятини қозоқ тилини илм-фан ва техника тилига айлантириш учун ҳаракат қилишга чақирди. Бундан ташқари, жамият фаолиятини янада юксалтиришда маданий-гуманитар ташкилотларнинг жаҳон тажрибасида жамғарма маблағлари ҳисобидан ишлашини таъкидлади ва бу каби саъй-ҳаракатларни шахсан қўллаб-қувватлашга ишонч билдирди.
Ўз навбатида, Рауан Кенжеханули “Қозоқ тили” жамияти томонидан амалга оширилаётган лойиҳа ва режалар ҳақида гапирди.