Қозоқ халқи – Жўжи улусининг бевосита меросхўрлари – канадалик олим
ALMATY. Kazinform – Алматида Жўжи улусининг 800 йиллиги муносабати билан ташкил этилган халқаро конференцияда иштирок этган Торонто университети олими Жю-Юп Ли шу мавзудаги тадқиқотлари билан ўртоқлашди.

Канадалик олим “Турли манбалардаги Жўжи улусининг миллий ўзига хослик хусусиятлари” мавзусида тадқиқот олиб борди. У ўз тадқиқоти давомида ўрта аср тарихчилари Жўжи улуси халқини “ўзбеклар, татарлар ёки тўқмоқлар” деб ёзганлигини айтади.
“Жўжи улуси халқи турли тарихий манбаларда ўзбек, татар, тўқмоқ деб аталади. Масалан, Илхон тарихчилари бу улуснинг халқи ўзбеклар, деб ёзган. Форс географ олими Казвини Ҳамдаллоҳ Мостоуфий (1284-1350) “Тарих-и гузида” асарида шундай дейди: “Жўжи мамлакати халқи Ўзбекхон ҳукмронлик қилган даврданоқ ўзбеклар деб аталган”. Темурийлар сулоласи тарихчилари ҳам Жўжи юртини ўзбек ва тўқмоқ деб таърифлаган. Улар ҳозирги Қозоғистоннинг тарихий хонлари бўлган Урисхон ва Тоқтамисхон халқини ҳам шундай деб атаган. Қрим татарлари орасида тарихчилар татар сўзини кўчманчи халққа нисбатан ишлатишган. Усмон империяси тарихчилари ҳам буюк Жўжига нисбатан “татар” атамасини қўллашган. Аммо бу ёзувларда тилга олинган “ўзбек” ва “татар” сўзларининг маъноси ҳозирги татар ёки ҳозирги ўзбек миллатига бевосита боғлиқ эмас, бу атамалар ўша даврда яшаган туркий миллатларнинг умумий номлари эди. Албатта, бундан кейин Жўжи сулоласи бир неча хонликларга бўлиниб кетди”, – деди Жу-Юп Ли.
Шунингдек, Торонто университети олими совет маълумотлари билан ўрта аср маълумотлари ўртасида қарама-қаршиликлар мавжудлигини таъкидлади.
“Совет даври китобларида ёзилган маълумотлар билан ҳозир топаётган янги архив материаллари ўртасида кўплаб қарама-қаршиликлар мавжуд. Масалан, совет маълумотларида Жўжи улуси ўзбеклар ва татарлар ўртасида бўлинганлиги ҳақида маълумотлар бор. Аммо замонавий тадқиқотларга қарасак, аслида бундай бўлиниш йўқ. Ўрта аср тарихчилари Жўжи улуси халқини – қозоқ, ўзбек ва татарларга ажратмаган. Шунинг учун тарих дарсликларидаги маълумотларни қайта кўриб чиқиш зарур. Менинг умумий тадқиқотимнинг асосий ғояси қозоқ халқи буюк Жўжининг бевосита давомчилари эканлигини кўрсатиш ва исботлашдир. Ҳозирги ўзбек халқи маҳаллий шайбоний ўзбеклар ва эронийзабон халқлардан иборат. Улар қипчоқ тилини билишмайди, тиллари қарлук тилига яқин. Айни пайтда, замонавий татарлар Қримга кўчиб келган турли миллатлардан иборат ва улар аралаш туркий тилда гаплашади. Ҳозирги қозоқлар эса Жўжилар сулоласи таркибига кирган ва қипчоқ тилида сўзлашувчи кўплаб уруғ ва қабилалардан иборат. Шу боис қозоқларни Жўжихон яратган Улуснинг асосий меросхўрлари дейиш мумкин”, – деди канадалик олим.