Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги маданият кунлари «Абай» операси билан якунланди

«Абай номидаги Қозоқ миллий опера ва балет театри Алишер Навоий номидаги Катта театр саҳнасида машҳур спектакль билан чиқиш қилди. Ушбу маданий тадбирни очиш шарафига муяссар бўлдим. Мен йиғилганларни табриклаб, Қозоғистон маданияти кунларини ўтказишга ёрдам берган қардош мамлакатга ўз миннатдорчилигимни изҳор этдим.
«Абай» операси тасодифан танланмаган. Абай Қўнонбойули нафақат қозоқ халқига, балки бутун дунёга машҳур шахс. Абай ҳамиша инсон зотини севишга чақирган. Ана шу тамойиллардан келиб чиқиб, ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан алоқаларни мустаҳкамлаш устида ишлашга келишиб олдик. Бундан ташқари, бу йил Ахмет Жубанов ва Латиф Ҳамидий томонидан тайёрланган асарнинг 80 йиллиги нишонланади.
Томошабинлар ижродан мамнун бўлди, қарсаклар узоқ вақт тинмади. Ҳатто спектаклдан кейин ҳам саҳнага чиқиб, актёрларимизга ажойиб ижроси учун миннатдорчилик билдирдим», деб ёзади вазир.
Унинг сўзларига кўра, Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги маданият кунларининг тўрт кунлик дастури жуда қизғин ўтди. Жумладан, 20 июнь куни пойтахтдаги «Туркистон» санъат саройида Роза Бағланова номидаги «Қазақконцерт» санъаткорларининг гала-концерти бўлиб ўтди. 22 июнь куни Самарқанд вилоят мусиқали драма театрида, 23 июнь куни Бухоро шаҳридаги ёшлар маркази концерт залида санъаткорларимиз ўз чиқишларини намойиш этди.
«20-23 июнь кунлари Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги кинотеатрда Қозоғистон кино кунлари бўлиб ўтди. Дастурдан «Муқағали» (режиссёр Болат Қалимбетов), «Дос-Муқасан» (режиссёр Айдин Сахаман), «Паралимпиячи» (режиссёр Алдияр Байрақимов), «Старт» (режиссёр Ернар Нурғалиев), «1941 йил ёзи» (режиссёр Бекболат Шекеров) картинала, қайта тикланган «Султон Бейбарис» (режиссёр Болат Мансуров) ҳамда «Кенже қиз», «Бешик қўшиғи», «Амен оға дарахти» анимацион фильмлари намойиш этилди.
Қозоғистонлик санъаткорлар иштирокидаги маданий тадбирлар шу билан тугамайди. Масалан, бу йил М. Ўскинбоев номидаги Манғистау вилоят филармониясига гастрол сафари режалаштирилган.
Ўзбекистонга амалий ташрифим давомида Тошкентнинг бир қатор тарихий ва маданий ёдгорликларини зиёрат қилдим. Бу Тўле Би мақбараси ва Ҳастимом масжиди бўлиб, у ерда дунёдаги энг қадимги Қуръон қўлёзмаси сақланган.
Бундан ташқари, ўзбекистонлик ҳамкасбим Озодбек Назарбеков билан икки томонлама учрашув ўтказдим. Биз мамлакатларимиз ўртасидаги маданият ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масаласини муҳокама қилдик», — дейди Асхат Оралов.

Ўзбекистонда Қозоғистон маданияти кунлари ўтказилаётгани ҳақида аввалроқ хабар берган эдик.