Қозоғистоннинг ўрта муддатли иқтисодий ривожланиш сиёсати яна қайта тасдиқланади
Миллий иқтисодиёт вазирлигидан маълум қилишларича, янги стратегия Давлат раҳбарининг мамлакат йирик бизнес вакиллари билан учрашувида берган вазифалари доирасида ишлаб чиқилган.
«Иқтисодиётни ривожлантиришнинг ўрта муддатли режаси ижтимоий-иқтисодий ривожланишни таъминлаш, даромадларни адолатли тақсимлаш, оммавий тадбиркорлик орқали аҳоли тенглигини таъминлаш ва реал фаровонлигини ошириш мақсадида ишлаб чиқилмоқда.
Иқтисодий сиёсат стратегияси инфратузилмавий имкониятларни, минтақавий ва мамлакат хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда тайёрланади.
Янги Қозоғистоннинг иқтисодий сиёсати иқтисодий субъектлар ва фуқаролар салоҳиятини максимал даражада очишга, адолат ва имкониятлар тенглигини таъминлашга қаратилган», - дейилади очиқ муҳокама учун эълон қилинган ҳужжатда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 19 май куни Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев тадбиркорлар билан учрашганида Ҳукуматга бизнес ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, янги иқтисодий сиёсатни белгилаш бўйича қатор топшириқлар берган эди.
Муаллиф: Алихан Асқар