Қозоғистоннинг иқтисодий ўсиши 10 ойда 4,9 фоизни ташкил этди
ҚР Миллий иқтисодиёт вазири Алибек Қуантиров Қозоғистон иқтисодиёти январь-октябрь ойларида 4,9 фоизга ўсганини маълум қилди, дея хабар беради Кazinform.
“Январь-октябрь ойлари натижаларига кўра, Қозоғистон иқтисодиётининг ўсиш суръати 4,9 фоизни ташкил этди. Улар орасида реал сектор 3,8 фоизга, хизмат кўрсатиш соҳаси 5,4 фоизга ўсди. Саноат тармоқлари орасида қурилиш, савдо, ахборот-коммуникация ва транспорт энг юқори ўсишни кўрсатди. Асосий капиталга жалб этилган сармояларнинг ўсиш суръати 12,6 фоизни ташкил этди. Инвестициялар оқими транспорт ва сақлашда – 58 фоизга, соғлиқни сақлашда – 40 фоизга, савдода – 38 фоизга, таълимда – 18 фоизга, қишлоқ хўжалигида – 8,7 фоизга, саноатда – 8,3 фоизга ўсди”, — деди вазир.
Алибек Қуантиров вилоятлар орасида энг юқори ўсиш Манғистау, Абай, Туркистон ва Павлодар вилоятларида кузатилганини таъкидлади.
“Дастлабки натижаларга кўра, 2023 йилнинг январь-сентябрь ойларида ташқи савдо айланмаси 2,4 фоизга ўсиб, 102 миллиард долларни ташкил этди. Экспорт 57 миллиард доллардан зиёд, жумладан, қайта ишланган маҳсулотлар экспорти 18 миллиард долларга етди. Товарлар импорти 44 миллиард доллардан ортиқни ташкил этди. Умуман олганда, ижобий савдо баланси 13 миллиард долларга тенг”, — деди Миллий иқтисодиёт вазири.