Қозоғистоннинг 35 йиллик тараққиёт йўли: иқтисодиётдан инсон капиталигача
ASTANA. Kazinform – Бу йил мустақил давлат бўлганимизга 35 йил тўлади. Шу вақт ичида мамлакат тараққиётининг йўналиши белгилаб олинди ва жамият ҳаётида сезиларли ўзгаришлар юз берди. Республика куни муносабати билан Kazinform мухбири Қозоғистоннинг асосий ютуқлари ва тараққиёт босқичларига назар ташлади.
Сўнгги 7 йилдаги иқтисодий ўсиш
Сўнгги йилларда Қозоғистон иқтисодиётни диверсификация қилиш, қайта ишлаш саноатини ривожлантириш ва инфратузилмани модернизация қилишга устувор аҳамият берди.
Статистик маълумотларни таҳлил қилсак, ўтган йили мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 6,5 фоизга ўсган. Номинал ЯИМ етти йил ичида 181,7 миллиард доллардан 305,9 миллиард долларгача кўпайди, аҳоли жон бошига тўғри келадиган кўрсаткич эса 9,8 минг доллардан 15 минг долларга етди.
Иқтисодиёт таркиби ҳам ўзгариб бормоқда. Етти йил давомида қайта ишлаш саноати ҳажми 2,5 баравардан ортиқ ўсиб, 30,63 триллион тенгега етди. Ушбу тармоқнинг ЯИМдаги улуши 11,4 фоиздан 12,7 фоизга ошган бўлса, қазиб олиш саноатининг улуши 14,5 фоиздан 12 фоизга камайди. Бу иқтисодиётда ишлаб чиқариш тармоқларининг ўрни босқичма-босқич ўзгараётганини кўрсатади.
Ишлаб чиқаришнинг ривожланиши инвестициялар ҳажмига ҳам таъсир кўрсатмоқда. Асосий капиталга киритилган инвестициялар 12,6 триллион тенгедан 22,7 триллион тенгега етди. Маблағлар қайта ишлаш саноати, энергетика, логистика ва агросаноат мажмуасига йўналтирилди. Инфратузилмани ривожлантириш доирасида 2025 йилда 20 миллион квадрат метрдан ортиқ турар жой фойдаланишга топширилди.
Транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш мамлакатнинг транзит салоҳиятини кенгайтириш имконини бермоқда. Транскаспий халқаро транспорт йўналиши, яъни Ўрта йўлак орқали юк ташиш ҳажми беш баравар ошди. Шунингдек, қарийб минг километр янги темир йўл қурилди ва 9,5 минг километр автомобиль йўли таъмирланди. Ушбу лойиҳалар мамлакат ичидаги транспорт алоқаларини яхшилаш ва халқаро ташувлар имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
Бироқ иқтисодий ўсиш натижалари фақат ишлаб чиқариш ва инфратузилма кўрсаткичлари билан ўлчанмайди. Унинг аҳолининг кундалик ҳаётига таъсири ҳам муҳимдир. Шунинг учун ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имконияти ва аҳолининг турмуш сифати мамлакат тараққиётининг асосий кўрсаткичларидан бири бўлиб қолмоқда.
Ижтимоий сиёсатдаги натижалар
Ўтган йили республика бюджетидан ижтимоий соҳага 9,3 триллион тенге ажратилди. Бу бюджет харажатларининг 36,5 фоизини ташкил этади. Ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларида ёрдамга муҳтож фуқароларни аниқлаш ва тўловлар самарадорлигини оширишга устувор аҳамият берилди. Шу мақсадда оилаларнинг ҳолатини баҳолашга мўлжалланган рақамли воситалар жорий этилди.
Ижтимоий сиёсат натижалари таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларининг ривожланишида ҳам намоён бўлмоқда. Сўнгги йилларда таълим ва илм-фанга сарфланадиган маблағлар беш баравар, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизмат кўрсатишга йўналтирилган инвестициялар эса 3,7 баравар ошди. Мамлакатда ўртача умр кўриш давомийлиги 2019 йилга нисбатан уч йилга узайиб, 76 ёшга яқинлашди.
Узоқ муддатли ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг яна бир йўналиши — болалар келажагига инвестиция киритишдир. «Миллий жамғарма — болаларга» дастури доирасида Миллий жамғарманинг инвестиция даромадларининг бир қисми ҳар йили болаларнинг ҳисоб рақамларига ўтказилмоқда. Улар ушбу маблағдан 18 ёшга тўлганидан кейин таълим олиш ёки уй-жой шароитларини яхшилаш учун фойдаланишлари мумкин. 2026–2030 йилларга мўлжалланган «Қозоғистон болалари» ягона дастури эса болаларнинг ҳуқуқлари ва фаровонлигини таъминлаш чораларини бирлаштиради.
Тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида инфратузилма ҳам янгиланмоқда.
Давлатга қайтарилган активлар ҳисобидан 1 триллион тенгедан ортиқ маблағ эвазига 465 та ижтимоий соҳа, соғлиқни сақлаш, таълим ва инфратузилмага оид лойиҳа амалга оширилмоқда. Ушбу маблағлар махсус давлат жамғармаси орқали ҳудудларда мактаблар, шифохоналар, сув таъминоти тизимлари ва спорт иншоотларини қуришга йўналтирилган.
Қишлоқ ҳокимидан Қурултойгача: сиёсий тизимдаги янги механизмлар
Мамлакат тараққиёти иқтисодий кўрсаткичлар билан бир қаторда, сиёсий тизимдаги ўзгаришларда ҳам намоён бўлади. Сўнгги йилларда Қозоғистонда давлат бошқарувини модернизация қилиш ва фуқароларнинг қарорлар қабул қилиш жараёнида иштирок этиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилда қабул қилинган Янги Конституция, бир палатали Парламентга ўтиш, Вице-Президент институтини жорий этиш ва Қозоғистон Халқ Кенгашини ташкил этиш ушбу йўналишдаги муҳим ўзгаришлар қаторига киради.
«Альтернатива» долзарб тадқиқотлар маркази директори, сиёсатшунос Андрей Чеботаревнинг айтишича, мамлакатда демократиянинг уч шакли — плебисцитар, вакиллик ва маслаҳатлашув демократияси бир вақтнинг ўзида ривожланиб бормоқда. Уларнинг ҳар бири фуқароларнинг давлат бошқарувида иштирок этиши учун алоҳида механизмларни ўз ичига олади.
Плебисцитар демократиянинг асосий воситаси — умумхалқ референдуми. Мутахассис 2022 йилдаги конституциявий ўзгаришлар, 2024 йилда атом электр станциясини қуриш масаласи ва 2026 йилда Янги Конституцияни қабул қилиш бўйича ўтказилган референдумларни мисол қилиб келтирди.
“Янги Конституцияда умумхалқ референдуми институтининг мустаҳкамланиши алоҳида аҳамиятга эга. Бу халқ давлат ҳокимиятининг ягона манбаи эканини кўрсатади”, – деди Андрей Чеботарев.
Вакиллик демократиясини ривожлантириш доирасида 145 нафар депутатдан иборат Қурултойни ташкил этиш, қонун лойиҳаларини камида уч ўқишда кўриб чиқиш ҳамда қонун ижодкорлиги жараёнига жамоат бирлашмалари ва мутахассисларни жалб қилиш кўзда тутилган. Ушбу ўзгаришлар қонунчиликни муҳокама қилиш жараёнида турли ижтимоий гуруҳларнинг қарашларини ҳисобга олишга қаратилган.
Сиёсий иштирокнинг яна бир механизми — маҳаллий бошқарув тизимидир. Яқинда Варшавада бўлиб ўтган Инсон мезонлари бўйича конференцияда жамоат сиёсати ва давлат бошқаруви соҳаси эксперти Сабина Садиева мамлакатимизда қишлоқ ҳокимларини тўғридан-тўғри сайлаш тажрибасининг натижалари ҳақида сўз юритди.
“Сайловлар қишлоқ жойларидаги бошқарув тизимини ўзгартириб, рақобатни кучайтирди. Бир лавозим учун уч нафардан тўққиз нафаргача номзод курашади. Шунингдек, мустақил равишда номзодини илгари сураётганлар сони ортиб бораётганини кузатмоқдамиз. Бундан ташқари, сайланган ҳокимлар бюджет маблағларини тежамкорлик билан сарфлаш ва маҳаллий ҳамжамиятлар билан ўзаро ҳамкорликнинг янги усулларини шакллантиришни бошлади”, – дея таъкидлади у.
Жамиятнинг давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш Қозоғистон Халқ Кенгашига берилган янги ваколатларда ҳам намоён бўлади. Ушбу институтга қонунчилик ташаббуси билан чиқиш ва референдум ўтказиш бўйича таклиф киритиш ҳуқуқи берилди. Бу механизмларнинг самарадорлиги фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жамоатчилик фикрини ҳисобга олиш ва давлат қарорларининг очиқлигини оширишга қўшган ҳиссаси билан белгиланади.