Қозоғистонликларнинг умр кўриш давомийлиги ортмоқда: пенсия кексаликда муносиб ҳаётни таъминлай оладими

ASTANA. Kazinform — Қозоғистонда умр кўриш давомийлиги 2025 йилда 75,97 ёшга етди. Бу етти йил аввалги кўрсаткичдан қарийб 3 йилга кўп. Пандемия авж олган давр билан таққослаганда эса фарқ ҳатто 5 йилдан ҳам ошади. 2019 йилда Қозоғистонда кутилаётган умр кўриш давомийлиги 73,18 ёшни ташкил этган бўлса, 2021 йилда 70,23 ёшгача қисқарган. 2022 йилда 74,44 ёшга, 2023 йилда 75,09 ёшга, 2024 йилда 75,44 ёшга, 2025 йилда эса 75,97 ёшга етган.

зейнеткерлер
Фото: Kazinform / ЖИ

Халқаро мезонларга кўра, умр кўриш давомийлигининг узайиши мамлакатдаги ҳаёт сифати, айниқса, тиббий хизматлар сифатининг юқорилигидан далолат беради. Бироқ бу динамиканинг иқтисодиётга таъсирини бир томонлама ижобий деб бўлмайди. Ягона жамғариб бориладиган пенсия фондининг (ЯЖБПФ) актуар ҳисоб-китобларида йил сайин мамлакатда пенсия ёшидаги аҳоли сони ортиб, тизимга тушаётган юклама оғирлашаётгани қайд этилган.

ЯЖБПФ прогнозларига кўра, 2050 йилга келиб жамғармадан пенсия тўловларини олувчилар сони 520 минг нафардан 2 миллион нафаргача кўпайиши мумкин. Пенсионерлар сони ортгани сари жамғарманинг тўловлари ҳам кўпаяди.

Келажакда пенсия миқдори қанча бўлади? 

Пенсиянинг етарлилигини баҳолашнинг энг тушунарли усули — ҳозирги иш ҳақининг неча фоизини қоплашини ҳисоблашдир. ЯЖБПФнинг актуар ҳисоботида 2024 йилда 22 ёшида меҳнат фаолиятини бошлаган ва 2065 йилда пенсияга чиқадиган шартли ходимнинг пенсия тўловлари прогноз қилинган. Иш берувчининг мажбурий 5 фоизлик бадали ҳисобга олинган тақдирда, базавий ва жамғариб бориладиган пенсиянинг умумий миқдори эркаклар учун меҳнат даромадининг 55 фоизига, аёллар учун эса 47,7 фоизига етиши мумкин. Бу - бадаллар узлуксиз равишда ўтказиб борилган деган фараз асосида ҳисобланган кўрсаткичдир. Амалдаги пенсия тўлови эса инсоннинг меҳнат стажи, тўлаган бадаллари ва жамғарманинг инвестициявий даромадига боғлиқ бўлади.

2026 жылы Қазақстанда зейнетақылар мен жәрдемақылар қаншалықты өседі
Фото: Kazinform

Қозоғистонда 2025 йилда ўртача иш ҳақи 443 315 тенгени ташкил этди. Ушбу сумма билан таққослаганда, 55 фоиз - 243 823 тенгега, 47,7 фоиз эса - 211 462 тенгега тенг бўлади. Бу — бугунги иш ҳақига нисбатан ҳисобланган муқобил қиймат бўлиб, келажакда қўлга тегадиган аниқ сумма эмас. Бошқача айтганда, бу келажакдаги пенсиянинг харид қобилиятини ҳозирги мезонлар асосида ифодаловчи кўрсаткичдир.
Халқаро таққослашларда ҳам иш ҳақини қоплаш коэффициентидан фойдаланилади. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг (OECD) 2025 йилги ҳисоботида бутун меҳнат фаолияти давомида ўртача иш ҳақи олган шахслар учун мажбурий пенсия тизимларидан тўланадиган келажакдаги пенсия эркакларда ўртача 52 фоизни, аёлларда эса 51,4 фоизни ташкил этиши прогноз қилинган.

Бирдамлик пенсиясининг аҳамияти камаймоқда

Қозоғистон пенсия тизимида базавий ва бирдамлик пенсиялари давлат ҳисобидан тўланади, жамғариб бориладиган қисми эса ЯЖБПФдаги маблағларга боғлиқ. Бироқ келажакда пенсияга чиқадиганларнинг барчаси ҳам бирдамлик пенсиясини ола олмайди.
Ушбу тўлов 1998 йил 1 январга қадар камида олти ойлик меҳнат стажига эга бўлган фуқароларга тайинланади. Меҳнат фаолиятини кейинроқ бошлаган авлоднинг мазкур давргача меҳнат стажи бўлмагани сабабли улар бирдамлик пенсиясини олмайди. Шунинг учун уларнинг пенсияси базавий тўлов ва шахсий жамғармаларга кўпроқ боғлиқ бўлади.

ЕНПФ, БЖЗҚ
Фото: Агибай Аяпбергенов / Kazinform

ЯЖБПФ прогнозларига кўра, 2050 йилга келиб Қозоғистон аҳолисининг 60 ёшдан ошган қисми 18,8 фоизга етиши мумкин. Ўша вақтга келиб жамғармадан тўлов олувчилар сони 2 миллион нафаргача кўпайиши эҳтимолдан холи эмас. Бу эса жамғарманинг келажакдаги тўлов юкламасини оширади. Бироқ янги авлод учун бирдамлик пенсиясини тўлаш мажбурияти сақланиб қолмаслиги давлат зиммасидаги юкни бироз бўлса-да енгиллаштиради.

Ҳозирги пенсионерлар қанча пенсия олади?

2025 йил охирида Қозоғистонда 2 миллион 491 минг нафар пенсионер бўлган. Бир йил давомида пенсия тўловлари учун республика бюджетидан 4 триллион 225 миллиард тенге сарфланган. Ушбу маблағнинг 1 триллион 368,4 миллиард тенгеси базавий пенсияга, 2 триллион 856,6 миллиард тенгеси эса бирдамлик пенсиясига йўналтирилган.

Ўртача жами пенсия миқдори 143 143 тенгени ташкил этган. Шундан 95 549 тенгеси бирдамлик пенсияси, 47 594 тенгеси эса базавий тўлов ҳиссасига тўғри келган. Бу суммани 2025 йилдаги ўртача иш ҳақи билан таққослаганда, пенсия иш ҳақининг тахминан 32,3 фоизига тенг бўлади.

Бироқ ушбу кўрсаткични келажакдаги пенсиянинг намунавий ҳисоб-китоби билан тўғридан-тўғри таққослаб бўлмайди. Ҳозирги пенсионерлар орасида 1998 йилгача меҳнат стажига эга бўлганлар кўп. Келажакда пенсияга чиқадиган авлоднинг даромади эса жамғариб бориладиган пенсия тизимига кўпроқ боғлиқ бўлади.

Пенсия кундалик харажатларни қоплашга етадими?

Миллий статистика бюроси маълумотларига кўра, 2025 йилда аҳоли жон бошига тўғри келадиган ўртача пул харажатлари йилига 1 292 914 тенге, ойига эса тахминан 107,7 минг тенгени ташкил этган. Унинг 52 фоизи озиқ-овқатга, 20,8 фоизи ноозиқ-овқат товарларига, 18,6 фоизи эса пуллик хизматларга сарфланган.

Қазақстанда 100 жастан асқан қанша қария бар
Фото: Азаматтарға арналған үкімет

Ҳисоб-китобларга кўра, бир киши ойига тахминан 56 минг тенгени озиқ-овқатга, 22,4 минг тенгени бошқа товарларга, 20 минг тенгени эса пуллик хизматларга сарфлаган. Бироқ бу маълумотлар асосида пенсионерларнинг ҳақиқий харажатларини аниқ ҳисоблаб бўлмайди. Чунки инсон қариб боргани сари дори-дармонга сарфлайдиган маблағи кўпайиши, кўнгилочар тадбирлар, таълим ва шахсий ривожланиш учун харажатлари эса камайиши мумкин.

Очиқ статистик маълумотларда пенсионерларнинг озиқ-овқат, коммунал хизматлар, дори-дармон ва уй-жой учун сарфлайдиган маблағлари алоҳида кўрсатилмаган.

Халқаро мезонлар

Mercer ва CFA Institute халқаро ташкилотлари ҳамкорликда ишлаб чиққан Жаҳон пенсия индексида Қозоғистон пенсия тизими 2025 йилда 52 мамлакат орасида 26-ўринни эгаллади. Мамлакатнинг умумий кўрсаткичи 65 баллни ташкил этди. Жумладан, пенсиянинг етарлилиги 47 балл, узоқ муддатли барқарорлик 74,2 балл, бошқарув ва ишончлилик кўрсаткичи эса 81,1 балл бўлди.

Умр кўриш давомийлиги Қозоғистонникига яқин бўлган Озарбайжонда 2025 йил июль ойида ўртача ойлик пенсия 538,1 манатни ташкил этган. Бу мамлакатдаги ўртача иш ҳақининг 49 фоизига тенг. Агар 1 АҚШ доллари 1,7 манат деб ҳисобланса, Озарбайжондаги ўртача пенсия тахминан 317 долларга тенг бўлади.