Қозоғистонликлар мустақил ўзлаштирган билимлари учун диплом аналогини олишлари мумкин

ҚР Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири ўринбосари Олжас Ордабаев таъкидлаганидек, ушбу қонун лойиҳаларини қабул қилиш меҳнат бозори ва таълим тизими ўртасидаги алоқани мустаҳкамлайди, шунингдек, ишчи кучига тез ўзгарувчан талабларга жавоб бериш имконини беради.
«Техник тараққиётнинг жадаллашиши ва иқтисодиётни рақамлаштириш Қозоғистонда меҳнат ресурслари сифатига янги талабларни қўймоқда. Илгари билимлар малака оширишсиз 10 йилга яқин долзарб бўлиб келган бўлса, бугунги кунда кўплаб мутахассисликлар бўйича кўникмаларнинг долзарблиги бор-йўғи икки йил давомида сақланиб қолмоқда»
, — деди Олжас Ордабаев тақдимот чоғида.
Унинг сўзларига кўра, Миллий малака тизими қуйидаги саволларга жавоб беради: Замонавий мутахассислар нимани билиши ва қила олиши керак? Бунинг учун уларга нимани ва қандай ўргатиш керак? Уларнинг касбий малакасини қандай аниқлаш мумкин?
«Ушбу саволларга жавоблар Касблар миллий таснифлагичи, Миллий малака доираси ва унинг асосида ишлаб чиқилган тармоқ малакавий асослари ва касбий стандартлар каби воситалар ёрдамида шакллантирилади»
, — дея тушунтирди у.
Бугунги кунга қадар 2689 та касбни қамраб олувчи 623 та профессионал стандартлар мавжуд. Уларда белгиланган талаблар асосида таълим ташкилотлари таълим дастурларини ишлаб чиқадилар. Бу иш берувчилар талабларига мос келадиган кадрлар тайёрлашни таъминлайди.
Қонун лойиҳасининг муҳим янгилиги мустақил эгалланган кўникмалар, шунингдек, ноформал ва информал таълим натижалари эътироф этилишидир.
«Фуқаролар касбий малакага эга эканлигини тасдиқловчи ҳужжатни тегишли марказларда олишлари ва касбий стандартда назарда тутилган бўлса, ушбу ҳужжатдан таълим дипломи билан тенг равишда ишга жойлашиш учун фойдаланишлари мумкин бўлади»
, — деди вазир ўринбосари.
Муаллиф: Азамат Сиздиқбаев