Қозоғистонликлар хизмат паспорти билан Европанинг учта мамлакатига визасиз боришлари мумкин

ASTANA. Kazinform — Сўнгги ўн йилда Қозоғистон ва Бельгия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми уч бараварга ошди. Бельгиянинг Қозоғистон иқтисодиётига киритган инвестициялари эса 10 миллиард доллардан ошди. Бу ҳақда Бельгия федерал вазири Жан-Люк Крюйке Ақордада бўлиб ўтган музокаралар чоғида маълум қилди.

Қазақстандықтар қызметтік паспортпен Еуропаның үш еліне визасыз бара алады
Фото: Ақорда

Европалик вазирнинг айтишича, бугунги давлат ташрифи Астанадаги Бельгия элчихонаси очилганига 20 йил тўлган даврга тўғри келмоқда. Бу - икки томонлама муносабатлар тарихидаги муҳим босқич ҳисобланади.

“Давлат ташрифининг аниқ натижаларига ҳам тўхталиб ўтмоқчиман. 1 ноябрдан бошлаб Қозоғистоннинг хизмат паспорт эгаларига визасиз сафар қилиш имконини берувчи Бенилюкс протоколи (Бельгия, Нидерландия ва Люксембург) кучга киради. Бундан ташқари, икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги ҳамкорликнинг 2029 йилгача бўлган устувор йўналишларини белгилаб берувчи йўл харитаси қабул қилинади. Ушбу ҳужжат икки томонлама алоқаларни, жумладан, иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш учун асос бўлиб хизмат қилади”, — деди Жан-Люк Крюйке Ақордада кенгайтирилган таркибда ўтказилган музокараларда.

Шунингдек, Бельгия ва Қозоғистон компаниялари, университетлари ҳамда турли муассасалари ўртасида бир қатор келишувлар имзоланади. Бу иқтисодий, илмий-таълим ва гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлаш имконини беради.

“2027 йилда дипломатик муносабатларимиз ўрнатилганига 35 йил тўлишини ҳисобга олсак, ушбу ютуқлар икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкам эканини кўрсатади. Сўнгги йилларда иқтисодий алоқаларимиз сезиларли даражада мустаҳкамланди. Охирги ўн йилда икки томонлама савдо ҳажми уч бараварга ошди, Бельгиянинг Қозоғистон иқтисодиётига киритган инвестициялари эса 10 миллиард доллардан ошди”, — деди Бельгия вазири.

Айниқса, икки мамлакат транспорт-логистика, муҳим хомашё турлари, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ва қайта тикланувчи энергетика соҳаларидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш учун катта имкониятларга эга экани таъкидланди.

“Транскаспий халқаро транспорт йўлаги Европа ва Марказий Осиё ўртасидаги транспорт алоқаларини ривожлантиришда стратегик аҳамиятга эга”, — деди Жан-Люк Крюйке.

Эслатиб ўтамиз, 11-14 октябрь кунлари Бельгияликлар Қироли Филипп ва Қиролича Матильданинг Қозоғистонга давлат ташрифи бўлиб ўтади. Ташриф дастури тўртта асосий йўналишни қамраб олади. Булар — муҳим фойдали қазилмалар, сунъий интеллект, соғлиқни сақлаш, шунингдек, тарих ва маданият.

Бугун Қасим-Жомарт Тоқаев Бельгияликлар Қироли Филипп ва Қиролича Матильдани Ақордада кутиб олди.