Қозоғистонликлар 2024 йилда неча кун дам олишади

Дам олиш кунлари
Фото: Kazinform

Қозоғистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги 2024 йилги дам олиш кунлари ҳақида маълум қилди. Айниқса, кўплаб байрамлар жума кунига тўғри келгани учун кетма-кет уч кун дам олиш имконияти кўп, деб хабар беради Каzinform.

Янги 2024 йил учун расмий байрамлар - 1, 2 январь. 2023 йилнинг охирги шанба-якшанбаси 30 ва 31 декабрга тўғри келади. Шундай қилиб, ҳафтасига 5 кун ишлайдиган Қозоғистон фуқаролари кетма-кет 4 кун таътилга чиқишлари мумкин.

Кейин 3, 4, 5 январь иш кунлари ҳисобланади. 7 январь Рождество байрами бўлгани учун қўшимча дам олиш куни йўқ. Шунга кўра, 5 кун ишлайдиганлар одатдагидек 6,7 январь кунлари дам олади.

8 март - Халқаро хотин-қизлар куни 2024 йилнинг жума кунига тўғри келади. Шундай қилиб, 5 кунлик иш ҳафтасига эга қозоғистонликлар 8, 9, 10 март кунлари кетма-кет уч кун дам олади. Олти кун ишлайдиганлар 8 март куни дам олиб, шанба — 9 март куни ишга чиқади.

Наврўз байрами 21-23 март - пайшанба, жума, душанба кунларига тўғри келади. Шанба дам олиш куни душанба - 25 мартга ўзгартирилади. Яъни ҳафтасига 5 кун ишлайдиганлар 21, 22, 23, 24, 25 март кунлари беш кун дам олади. 6 кун ишлайдиганлар эса 21, 22, 23, 24 март кунлари тўрт кун дам олиб, 25 март душанба куни ишга чиқади.

“Қозоғистон Республикасининг байрамлари тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасига кўра, қозоғистонликлар май ойида учта байрамни нишонлайдилар: 1 май – Қозоғистон халқи бирлиги байрами; 7 май - Ватан ҳимоячилари куни; 9 май - Ғалаба куни. Барча байрамлар ҳафтанинг ўрталарига тўғри келади (1 май - чоршанба, 7 май - сешанба, 9 май - пайшанба). Шунинг учун қозоғистонликлар бир кун дам олади, бир кун ишлаб, бошқа кун дам олади ва яна таътилга чиқади. Ҳозирча вазирлик байрам кунларини ўзгартириш бўйича ҳеч қандай қарор қабул қилмаган.

Аниқроғи, 5 кун ишлайдиганлар 1 майда дам олиб, 2-3 майда ишлаб, 4-5 майда (шанба-якшанба) дам олади. 6 май, душанба куни ишлайди ва 7 майда дам олади, 8 майда яна ишлайди ва 9 майда дам олади. 10 май, жума куни ишга чиқади, 11-12 май кунлари дам олади.

Олти кунлик иш ҳафтасида 1 май - дам олиш, 2, 3, 4 май - иш, 5 май - дам олиш, 6 май - иш, 7 май - дам олиш, 8 май - иш, 9 май - дам олиш, 10, 11 май - иш , 12 май - якшанба куни.

2024 йилда Қурбон ҳайити 16 июнга тўғри келади, бу сана Меҳнат вазирлиги томонидан диний идора билан ҳамкорликда белгиланган. Бу кун якшанба бўлгани учун қўшимча дам олиш куни берилмайди.

6 июль – Астана куни давлат байрами саналади. Келгуси йил бу кун шанба кунига тўғри келади, шунинг учун 5 кун ишлайдиганлар учун дам олиш куни душанба, 8 июлга ўзгартирилади ва улар уч кун кетма-кет дам олишади. 6 кун ишлайдиганлар 8 июль куни ишга чиқади.

30 август – Конституция куни ҳам давлат байрамидир. 2024 йилда бу кун жума кунига тўғри келади ва беш кун ишлайдиганлар 30, 31 август ва 1 сентябрда яна уч кун дам олишлари мумкин. Олти кун ишлайдиганлар учун 30 август - дам олиш, 31 август - иш, 1 сентябр – якшанба, дам олиш.

Ўтган йили 25 октябрь - Республика куни миллий байрам сифатида қайта тикланган эди. Бу кун ҳам 2024 йилнинг жума кунига тўғри келади ва уч кун дам олиш берилади. Олти кун ишлайдиганлар учун 25 октябрь дам олиш куни, 26 октябрь иш куни, 27 октябрь эса якшанба дам олиш куни ҳисобланади.

Йилнинг охирги байрами 16 декабрь - Мустақиллик куни. Келгуси йил Мустақиллик куни душанбага тўғри келади. Шунинг учун 14, 15, 16 декабрь кунлари 5 кун ишлайганлар учун дам олиш куни ҳисобланади. 6 кун ишлайдиганлар 14 декабрда ишлайди, 15 ва 16 декабрда дам олади.

Сўнгги хабарлар