Қозоғистонлик таниқли санъаткорлар Тошкентда концерт берди
ТASHKENT. Кazinform - Е.Раҳмадиев номидаги Давлат академик филармонияси жамоаси Ўзбекистон пойтахтига гастрол сафари билан борди ва концерт берди, деб хабар беради Кazinform агентлигининг Ўзбекистондаги мухбири Алихан Асқар.
«Достық жыры»(“Дўстлик қўшиғи”) деб номланган концертни томоша қилиш учун жуда кўп томошабинлар йиғилди. Концертда Айтқали Жаимов, Светлана Айтбаева, Анар Муздаханова ва Нурлан Бекеновлар чиқиш қилишди.
“Қардош давлатлар билан алоқалар тиғиз бўлиши керак. Илдизи бир туркий халқлармиз, шунга яраша маданий алоқаларимиз доимо мустаҳкамланиб бориши керак. Шунинг учун биз бу концертни анча олдин режалаштирган эдик. Тошкент аҳолиси ва меҳмонларига қозоқ мумтоз композиторлари асарларини тақдим этдик. Жумладан, Н.Тилендиев, А.Жубанов, М.Тўлебаевларнинг асарлари куйланди”, — деди дирижёр, бастакор, Қозоғистон Республикасида хизмат кўрсатган арбоб Айтқали Жаимов.
Қозоқ қўшиқ ва куйларини соғиниб, концертга йиғилган томошабинлар алоҳида олқишлар, санъатга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатди.
“Томошабинларнинг иштиёқи ва олқишларидан санъатга бўлган ҳурматни кўрдим. Қозоқ санъати, қўшиғи, мусиқасига бўлган соғинч сезилмоқда. Биз қардош эллармиз. Икки давлат ўртасидаги бир-биримизга муваффақиятлар тилаб, қувончимизга шерик бўлган бундай юксак даражадаги муносабатлар санъат соҳасида ҳам ўз ифодасини топмоқда”, — деди Қозоғистон Республикасида хизмат кўрсатган арбоб Светлана Айтбаева.
Е.Раҳмадиев номидаги Давлат академик филармонияси қозоқ оркестри раҳбари Сабиржан Сейилханулининг айтишича, бадиий жамоа келгусида Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳам гастролларда бўлиб, концертлар беришни режалаштирган.
“Мақсадимиз икки давлат ўртасидаги маданий алоқаларни чуқурлаштиришдир. Ўзбекистон пойтахтида бўлиб ўтган концертга филармониядан 65 киши келди. Биз бу тадбир бошланиши деб биламиз, келгусида Самарқанд, Бухоро каби шаҳарларга гастрол сафарига чиқишни режалаштирганмиз”, — деди Сабиржон Сейилханули.
Бугунги кунда икки давлат ўртасидаги маданий алоқалар мустаҳкамланиб бормоқда. Хусусан, бунгача икки давлатнинг турли даражадаги бадиий жамоалари гастрол сафарларида бир-бирларига ташриф буюришган. Ушбу янгиликдан сўнг Ўзбекистон Давлат филармонияси келгуси йили Қозоғистон пойтахтида концерт беради.
Эслатиб ўтамиз, Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаевнинг фармони билан Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлашга ҳисса қўшган бир қатор шахслар «Құрмет» ва «Достық» орденлари билан тақдирланди.