Қозоғистонлик санъаткорлар Ўзбекистонда бўлиб ўтган мусиқа фестивалида 2-ўринни олди
ТASHKENT. Кazinform - Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрида 26-30 август кунлари “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали бўлиб ўтди. Танлов 5 йиллик танаффусдан сўнг ижодкорларни яна бирлаштирди, деб хабар беради Kazinform агентлигининг Ўзбекистондаги мухбири Алихан Асқар.
Жорий йилда ўн учинчи маротаба ташкил этилган мусиқа фестивалида дунёнинг 80 га яқин давлатидан 400 нафар санъаткор иштирок этиб, Регистон майдонида оҳангдор қўшиқлар, сеҳрли мусиқалар жаранглади.
– Ўйлайманки, мазкур фестиваль доирасида ташкил этилган ҳар бир тадбир меҳмонларда ўзгача таассурот қолдиради. Вақт ўтиши билан унинг қамрови кенгайиб, жаҳон халқларини маънавий жиҳатдан бирлаштирувчи йирик мусиқа байрами сифатида эътироф этилди. Меҳмондўстлигимизни кўрсатмоқчимиз”, — деди Ўзбекистон Маданият вазирлиги матбуот котиби Сирожиддин Ўсаров.
“Шарқ тароналари” танловида илк бор 1997 йилда 31 давлат вакиллари иштирок этган. Ўшанда Қозоғистон номидан фестивалда иштирок этган таниқли хонанда Рамазан Стамғазиев совринни қўлга киритган эди. Кейинчалик, 2015 йилда Биржан Базилжанов унинг йўлини давом эттирди.
Бу йил фестивалда иштирок этган қозоғистонлик санъаткорлар ҳам ютуқлардан бебаҳра қолмади. Уралнинг “Атамекен” этно-фольклор ансамбли “Шарқ тароналари” танловида 2-ўринни қўлга киритди.
“Атамекен” этно-фольклор ансамбли ташкил топганига кўп вақт бўлгани йўқ. Бунгача Европанинг айрим давлатларига саёҳат қилганмиз. Бу бизнинг биринчи мусобақамиз. Биз яхши чиқиш қилиш учун бор кучимиз билан ҳаракат қилдик. Қозоқ бастакорларининг асарларини ижро этдик, қўшиқларимиз ҳам бор эди”, - дейди “Атамекен” этно-фольклор ансамбли аъзоси Ернар Умирали.
Юқори савияда ташкил этилган тадбир Ўзбекистон маданий мероси обидаларини тарғиб этишга хизмат қилиши шубҳасиз. Бу билан қўшнилар ўзининг сайёҳлик салоҳиятини янгича кўринишда намоён этиш ниятида.