Қозоғистонлик мактаб ўқувчилари Панамада бўлиб ўтган Бутунжаҳон робототехника олимпиадасида ғолиб бўлди
Қозоғистонлик мактаб ўқувчилари Панама шаҳрида бўлиб ўтган World Robot Olympiad олимпиадасида ғолиб бўлди. Унда дунёнинг 80 дан ортиқ давлатидан 10 ёшдан 19 ёшгача бўлган 6-11-синф ўқувчилари иштирок этди, деб хабар беради Kazinform ҚР Таълим-маориф вазирлигига таяниб.
Олимпиаданинг мақсади - робот дизайни, дастурлаш, муҳандислик ва бошқа инновацион таълим технологиялари бўйича иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлашдан иборат.
Бутунжаҳон робототехника олимпиадаси якунларига кўра Қозоғистоннинг учта жамоаси ғолиб бўлди:
2-ўрин (кумуш) «Future Engineers» йўналиши бўйича – Астана шаҳридан 10-синф ўқувчилари Ансар Саурбаев ва Амир Қарабаев;
3-ўрин (бронза) «Robo Mission» йўналиши бўйича – Астана шаҳрининг 8-9-синф ўқувчилари Вагиз Дисембаев ва Жанарис Капаров;
3-ўрин (бронза) «Future Engineers» йўналиши бўйича – Қизилўрда шаҳридан 11-синф ўқувчилари Максим Усольцев ва Динмуҳамед Абдиев.
Бутунжаҳон олимпиадаси илк бор 2004 йилда Сингапурда биринчи роботлар мусобақаси фестивали сифатида ўтказилган. Қозоғистон ушбу олимпиадада 2014 йилдан бери қатнашиб келади.