Қозоғистонлик қутқарувчилар Афғонистондаги ишларни якунлади
Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев топшириғига кўра Афғонистонга жўнатилган Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 45 нафар ходими доимий жойига қайтишга ҳозирлик кўрмоқда. Бу ҳақда Кazinform агентлиги ҚР Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизматига таяниб хабар беради.

Белгиланган ҳудудда қидирув-қутқарув ишлари тўлиқ якунлангани муносабати билан ҳалокатли зилзила оқибатларини бартараф этишга кўмаклашиш учун юборилган Қозоғистон қутқарув гуруҳини қайтариш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Афғонистонда қутқарув ишлари бошланганидан буён қозоғистонлик қутқарувчилар 1 нафар ҳалок бўлган боланинг жасадини олиб чиқди, 80 нафар маҳаллий аҳолига тиббий ёрдам кўрсатди, 211 та уй бўлаклари вайроналарини тозалади, Найброфи қишлоғидаги вайрон бўлган 700 та уйнинг ҳудуди кўздан кечирилди.

Қутқарувчилар кучли чанг бўрони вайрон қилган чодирлар шаҳарчасини ҳам кўздан кечирди. Маҳаллий ҳокимият сўровига кўра, қозоғистонлик қутқарувчилар ва шифокорлардан иборат тезкор гуруҳ дипломатик корпус вакиллари билан биргаликда 9 та чодир лагери жойлашган жойларда текширув ўтказди.
Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги куч ва воситаларини қайтариш 14 октябрга белгиланган.



