Қозоғистонлик қўш тази Швейцарияда ўтказилган жаҳон чемпионатида ғолибликни қўлга киритди
«Страна Беловодья» (Шарқий Қозоғистон вилояти) питомникдан чиққан «Тумар» лақабли ит «Энг яхши зот вакили» ва «Женевада бўлиб ўтган жаҳон чемпионати ғолиби» унвонларига муносиб деб топилди. Ушбу питомникдан чиққан иккинчи ит «Вангелия» ҳам бир нечта унвонларни қўлга киритди, хусусан, «Қарама-қарши жинснинг энг яхши вакили» ва «Женевадаги жаҳон чемпионатининг энг яхши фахрийси».
Қозоғистон Кинологлар уюшмаси қошидаги миллий тази клуби раҳбари Елена Хардина 2006 йилдан буён бу ғалабага интилаётганини айтади.
«Менинг вазифам – кучли ва соғлом тазилар етиштириш, улар билан барча халқаро кўргазмаларда қатнашиш, бундан мақсад зотимизни бутун дунёга кўрсатиш», – дейди у.
Айтишларича, қозоқ итларига Россияни тарк этиб, Италияда яшаётган тазилар рақобатлашган.
«Женевадаги рақобатчиларимиз заиф эмас эди, биз ҳаяжонда эдик. Аммо биз ғалаба қозондик! Биз жуда хурсандмиз, чунки тазинин ватани Қозоғистондан келган итларни енгиб бўлмайди. Биз келажакда ҳам ғолиблик шоҳсупасида бўлишимиз керак. 2016 йилда беларуслик тазиқлар билан беллашганимизда жаҳон чемпионлигини қўлга киритган эдик», – дейди Е. Хардина.
Кинологнинг таъкидлашича, Женевада тазиларга қизиқиш катта эди.
Айтиш жоизки, делегацияни қўллаб-қувватлаш учун Швейцарияда истиқомат қилувчи қозоқ жамияти вакиллари келган.
Аввал хабар берганимиздек, қозоғистонлик кинологлар гуруҳи 12 давлат чегараларини кесиб ўтиб, микроавтобусда қарийб 8 минг километр йўл босиб, Женевага етиб борган эди.
Муаллиф: Арнур Рахимбеков