Қозоғистонлик ҳарбий жиу-житсу бўйича жаҳон чемпиони бўлди
Бирлашган Араб Амирликлари пойтахти Абу-Даби шаҳрида жиу-житсу бўйича ўтказилган мусобақада Абай гарнизони 28738-ҳарбий қисм ходими кичик сержант Мерхат Туяқов ғолиб бўлди, деб хабар беради Kazinform ҚР Мудофаа вазирлигига таяниб.

Жаҳон чемпионатида Қозоғистон шарафини ҳимоя қилган у Россия, Бразилия, Уругвай, Бирлашган Араб Амирликлари, Эрон ва Жанубий Корея спортчилари билан куч синашди.
Қозоғистонлик жангчи тўрт нафар рақибини муддатидан олдин мағлуб этган бўлса, яна учтасида очколар ҳисобига ғалаба қозонди. Олтин медаль учун курашда Мерхат Туяқов россиялик спортчини мағлуб этиб, жаҳон чемпионлигини қўлга киритди.
Мерхат жиу-житсу билан беш йилдан бери шуғулланаётган бўлса-да, жаҳон миқёсидаги мусобақаларда биринчи марта қатнашмоқда. Бунгача у эркин кураш ва қўл жанги билан шуғулланган.