Қозоғистонлик дўмбрачилар Италияда бош совринни қўлга киритди
Ҳар йили Италиянинг Песаро шаҳрида бўлиб ўтадиган Open Italy-2023 мусиқа танловига 24 давлатдан иштирокчилар келган. Улар орасида қозоқ дуэти энг яхши деб топилди.
«Дуэтимиз «Адай», «Кўроғли», «Алқисса», О.Сулейменовнинг West куйларини ижро этиб, ҳакамлар ҳайъати ва томошабинларни мафтун этди. Темирлан ва Ернатни ёрқин ғалабаси билан табриклайман. Йигитлар қозоқ мусиқасини ижро этиб, халқаро миқёсда муваффақиятларга эришгани қувонарлидир. Ишончим комилки, уларнинг ижоди бошқа иқтидорли ватандошларимизни ҳам илҳомлантиради», – деб табриклади ҚР Маданият ва спорт вазири Асхат Оралов Telegramда.
Эслатиб ўтамиз, Темирлан ва Ернат Астанадаги Қозоғистон Миллий санъат университетида таҳсил олган ва «Бастау» дўмбрачилар дуэти сифатида эътироф этилган.
2018 йилда улар Латвия пойтахти Рига шаҳрида ўтказилган «Европа мусиқа асбоблари» танловида бош совринни қўлга киритиб, Голливудга йўлланма олди. Ўша йили Исроилнинг Қуддус шаҳрида бўлиб ўтган «Жаҳон мусиқаси» халқаро мусиқа фестивалида бош совринни қўлга киритди. Шунингдек, дуэт BRIDE TV телеканалининг Туркиядаги мусиқа фестивалида «Энг яхши мусиқий гуруҳ» мукофотига сазовор бўлди.
Фото: t.me/askhat_oralov_online