Қозоғистонлик боксчилар Парижга жўнаб кетишди
ASTANA. Kazinform - Париж Олимпиадасида қозоғистонлик мухлислар ва медалдан умидвор бўлган чарм қўлқоп усталари Францияга жўнаб кетди. Бу ҳақда ҚР Бокс федерацияси матбуот хизмати маълум қилди.

“Бокс бўйича Қозоғистон терма жамоаси учун олимпия сафари бошланди. Чарм қўлқоп усталари Алмати аэропортидан Францияга учиб кетдилар. Самолёт бортида ўнта Олимпия ўйинларига номзодлар, мураббийлар, спарринг-ҳамкорлар ва тадқиқот гуруҳи аъзолари бор. 25 июль куни қура ташлаш маросими бўлиб ўтади. Ўша куни маҳаллий боксчиларнинг қачон майдонга чиқишлари аниқланади”, — дейилади хабарда.
Қайд этиш керакки, бокс бўйича эркаклар терма жамоаси Париж Олимпиадасига тўлиқ таркибда йўл олди. Аёллар терма жамоаси эса 3 та вазнда иштирок этади.
Эркаклар орасидан Сакен Бибосинов, Маҳмуд Сабирхан, Муҳаммедсабир Базарбаули, Асланбек Шимбергенов, ака-ука Нурбек Оралбай ва Айбек Оралбай, Қамшибек Қонқабаевлар юрт шарафини ҳимоя қилса, аёллардан Назим Қизайбай, Карина Ибрагимова ва Валентина Хальзова беллашади.

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда тўрт йилда бир бўладиган мусобақага йўлланмани қўлга киритган қозоғистонлик спортчилар сўнгги машғулотларни ўтказяптилар. Қозоғистон терма жамоаси спортнинг 25 тури бўйича Олимпия ўйинларига 92 та йўлланма қўлга киритди.

Франция пойтахти Париж шаҳрида бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ўйинлари 26 июлдан 11 августгача бўлиб ўтади. Ўйинларда 205 давлатдан 10 500 нафар спортчи иштирок этиши режалаштирилган. Унда 32 спорт туридан 329 та медаллар жамланмаси ўйналади.


