Қозоғистонга кирувчи хорижликлар учун электрон рухсатнома олиш мажбурий бўлади

ASTANA. Kazinform — Қозоғистонга визасиз режим асосида келадиган айрим хорижий фуқаролар мамлакатга кириш учун электрон рухсатнома расмийлаштиришлари шарт бўлади. Янги талаб 2026 йил 1 ноябрдан бошлаб босқичма-босқич жорий этилади, деб хабар беради Kazinform мухбири.

Жолаушы пойызға үлгермей қалған жағдайда не істеу керек
Фото: «Жолаушылар тасымалы» АҚ

Қарорга мувофиқ, қоидаларда кўрсатилган мамлакатлар, Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар ҳамда Қозоғистон билан визасиз сафарлар тўғрисида халқаро битим тузган мамлакатлар фуқаролари электрон рухсатнома мавжуд бўлган тақдирда Қозоғистонга кириши ва мамлакат ҳудуди орқали транзит ўтиши мумкин.

Бунда визасиз бўлиш муддати ўзгармайди. Жумладан, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Япония ва Жанубий Корея фуқаролари Қозоғистонда бир сафар давомида 30 кунгача, бироқ 180 кунлик давр ичида жами 90 кундан ошмаган муддатда бўлишлари мумкин.

Ҳиндистон ва Эрон фуқаролари учун бир сафар давомида 14 кунгача, 180 кун ичида эса жами 42 кунгача бўлиш муддати белгиланган. Туркия фуқаролари ҳар қандай 180 кунлик давр ичида Қозоғистонда визасиз 90 кунгача бўлишлари мумкин.

Янги талаб қачон жорий этилади?

2026 йил 1 ноябрдан бошлаб электрон рухсатнома бериш тизими Ақтау халқаро аэропортида ва тўртта автомобиль ўтказиш пунктида ишлай бошлайди. Улар қуйидагилар: Павлодар вилоятидаги «Урлитўбе», Жамбил вилоятидаги «Ауқатти», Туркистон вилоятидаги «Атамекен», Жетису вилоятидаги «Нурли жол» ўтказиш пунктлари.

2027 йил 1 январдан бошлаб тизим Астана ва Алмати халқаро аэропортларида, 2027 йил 1 мартдан эса Қозоғистоннинг қолган давлат чегараси ўтказиш пунктларида жорий этилади.

2027 йил 1 июлга қадар давом этадиган ўтиш даврида электрон рухсатноманинг мавжуд эмаслиги хорижий фуқаронинг мамлакатга киришига рад жавоби бериш учун асос бўлмайди.

Электрон рухсатномани қандай олиш мумкин?

Электрон рухсатнома ички ишлар органлари томонидан миллий хавфсизлик органлари билан келишилган ҳолда, хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун мўлжалланган рақамли платформа орқали берилади.

Хорижий фуқаро Қозоғистонга киришни режалаштирган санадан камида 72 соат олдин платформа орқали ариза топшириши керак. Ариза рақамли шаклда тўлдирилади, шунингдек, ариза берувчининг шахсини аниқлаш ва (ёки) аутентификация қилиш жараёнлари амалга оширилади.

Электрон рухсатнома 180 тақвим кун муддатга берилади. Уни расмийлаштириш бепул.

Қозоғистон чегарасидан ўтиш вақтида паспорт назорати пунктида хорижий фуқаро электрон рухсатнома олиш учун ариза топширишда фойдаланган амалдаги паспортини ёки шахсини тасдиқловчи ҳужжатини кўрсатиши шарт.

Кимлар электрон рухсатнома олмайди?

  • Тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда, қуйидаги тоифадаги шахслар электрон рухсатнома олиш талабидан озод қилинади:
  • Хорижий давлатлар, ҳукуматлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари, шунингдек, уларнинг оила аъзолари.
  • Хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар парламентлари ҳамда ҳукуматлари аъзолари, шунингдек, уларнинг оила аъзолари.
  • Қозоғистоннинг фахрий консуллари ва уларнинг оила аъзолари.
  • Дипломатик ва хизмат паспортлари, шунингдек, дипломатик агентларга тенг мақомга эга бўлган халқаро ташкилотлар паспортлари эгалари.
  • Қозоғистонда аккредитациядан ўтган хорижий давлатлар консуллик муассасаларининг ходимлари.
  • Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигининг аккредитация гувоҳномасига эга бўлган шахслар.
  • Дипломатик почтани олиб юрувчи дипломатик курьерлар.
  • Қозоғистон Президенти Администрацияси, Қурултой, Олий суд, Ҳукумат аппарати, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва махсус давлат органлари, Мудофаа вазирлиги ёки Ташқи ишлар вазирлигининг таклифи билан келадиган хорижий фуқаролар.
  • 16 ёшга тўлмаган шахслар ҳамда 65 ёшга тўлган ёки ундан катта ёшдаги шахслар.
  • Қозоғистон давлат чегарасидан ўтмасдан, халқаро аэропортларнинг транзит ҳудудида бўладиган йўловчилар.
  • Қозоғистоннинг амалдаги визаси, вақтинча яшаш рухсатномаси ёки яшаш гувоҳномасига эга бўлган хорижий фуқаролар.
  • Қозоғистон қонунчилигига мувофиқ қочқин деб тан олинган шахслар ва бошпана излаётганлар.
  • Парвоз ҳужжатларида тегишли қайд мавжуд бўлган ҳаво кемалари экипажлари аъзолари.
  • Кема рўйхатига киритилган денгиз ва дарё кемалари экипажлари аъзолари.
  • Тегишли ҳужжатларга эга бўлган поезд, рефрижератор ва локомотив бригадалари аъзолари.
  • Давлатлараро фельдъегерлик алоқаси хизмати ходимлари.
  • Гумон қилинувчилар, айбланувчилар ва маҳкумларни кузатиб борувчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари.
  • Расмий давлат ва ҳукумат делегациялари аъзолари ҳамда уларга ҳамроҳлик қилувчи шахслар.
  • Қозоғистон ҳудудидаги трансчегаравий объектларга хизмат кўрсатувчи мутахассислар.
  • Қозоғистоннинг халқаро аэропортлари ёки портларига мажбурий ёхуд шошилинч равишда қўнган ҳаво ва денгиз кемаларининг йўловчилари.
  • Қозоғистон ратификация қилган халқаро битимларда назарда тутилган қидирув-қутқарув операцияларида иштирок этиш учун чегарадан ўтадиган шахслар.
  • Давлат органларининг таклифи билан гуманитар миссияларда иштирок этиш ёки фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш учун келган шахслар.
  • Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш учун Қозоғистонга келган тиббий бригадалар ходимлари.
  • Халқаро юк ташишни амалга оширувчи юк автомобиллари ҳайдовчилари, шунингдек, халқаро йўловчи ташиш билан шуғулланувчи, ҳайдовчининг ўрни ҳисобга олинмаганда, 12 тадан ортиқ ўриндиққа эга автобусларнинг ҳайдовчилари.
  • Марҳумнинг жасадини дафн этиш учун олиб кетаётган, шу жумладан, Қозоғистон ҳудуди орқали транзит тарзида ўтаётган шахслар.