Қозоғистонга 7 йилдан ошган автомашиналарни олиб кириш тақиқланиши мумкин
ASTANА. Kazinform - Қозоғистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатларига 7 йилдан ошган автомобилларни олиб киришни тақиқлашни таклиф қилмоқчи. Бу ҳақда ҚР Саноат ва қурилиш вазирлигининг Интеграция ва халқаро ҳамкорлик департаменти директори Адилбек Бектибаев утилизацияни бекор қилиш тўғрисидаги петициянинг жамоатчилик муҳокамасида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, 2020-2021 йилларда ЕОИИ давлатларидан автомобиллар мамлакатга олиб келина бошланди. Уларни қонунийлаштириш бўйича бир марталик акция ўтказилди, натижада 2023 йилда 330 мингдан ортиқ автомобиль рўйхатга олинди. Уларнинг ўртача “ёши” 17 йил эди.
“Ушбу транспорт воситаларининг аксарияти хавфсизлик, экологик тоифадаги техник регламент талабларига жавоб бермайди. Қайд этишни истардимки, аҳоли оддий муҳитда яшаш, тоза ҳаводан нафас олиш ҳуқуқига эга”, — деди Адилбек Бектибаев.
Унинг айтишича, Саноат ва қурилиш вазирлиги ҳар қандай ҳолатда ҳам норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга фуқароларнинг ўзлари фойдаланмаётган автотранспорт воситаларини олиб киришига рухсат бермайдиган ўзгартиришлар киритади. Сабаби, фуқаролар кўпинча ушбу меъёр бўйича цемент ташувчи ва йирик юк машиналарини олиб кириш билан шуғулланади.
“Ишчи гуруҳ аъзоларидан 7 йилдан ошган автотранспорт воситаларини олиб киришни чеклаш таклифи бўлган. Биз буни мамнуният билан қиламиз ва шунга кўра, техник регламентга бундай ўзгартиришлар киритиш учун Евроосиё иқтисодий комиссияси кенгаши йиғилишига материалларни киритишга ҳаракат қиламиз. Агар бешта давлат ҳам бир овоздан бизни қўллаб-қувватласа, умуман олганда, Иттифоқ ҳудудига бундай машиналар олиб кирилмайди. Бу бўлимда ишлаш вазифасини ўз зиммамизга оламиз”, — деди Адилбек Бектибаев.