Қозоғистондан Ўзбекистонга ер остидан ўтказилган қувур орқали бензин ташиганлар ушланди

Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида Тошкент вилоятининг Қибрай туманида яшовчи, 1986 й.т. М.М. ва 1997 й.т. Х.Х.лар Қозоғистон Республикаси фуқароси А.К. билан ўзаро тил бириктириб, қўшни давлатдан мамлакатимиз ҳудудига ноқонуний йўллар билан AI-92 маркали бензин ёнилғисини ўтказиш ва сотиш билан шуғулланганликлари аниқланди.
Улар ушбу ноқонуний ишни Қозоғистон Республикаси Туркистон вилоятининг Сариағаш тумани ҳудудидан Тошкент вилоятининг Қибрай тумани ҳудудига ер остидан ўтказилган тахминан 300 метр узунликдаги қувур ичига шланг жойлаштириш орқали амалга оширишган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қозоғистон Республикаси фуқароси А.К.га нисбатан чора кўриш бўйича Қозоғистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари хабардор қилинди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда йил охиригача АИ-80 бензинини сотиш тақиқлангани ҳақида хабар берган эдик.