Қозоғистондан чет элга ҳафтасига 567 та рейс амалга оширилади
ASTANA. Kazinform – Бугунги кунда самолётлар Қозоғистондан 28 та давлатга 121 йўналиш бўйича ҳафтасига 567 та рейсни амалга оширади ва йўловчиларни ташийди. Бу ҳақда ҚР Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Рейсларнинг аксарияти Россия Федерациясига учади. Хусусан, Москва, Санкт-Петербург, Екатеринбург, Минеральные воды, Қозон, Сочи, Красноярск, Новосибирск, Махачқалъа ва Грознийга ҳафтасига 31 та ҳаво йўналишида 139 та рейс амалга оширилмоқда.
Истанбул, Анқара, Анталияга 18 та ҳаво йўналиши бўйича ҳафтасига 125 та рейс ва Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай, Абу-Даби, Шаржа шаҳарларига 6 та ҳаво йўналиши бўйича 58 та рейс ташкил этилган.
Қозоғистондан Хитой Халқ Республикасига Пекин, Урумчи, Сиань, Ханчжоу, Санья каби 9 та ҳаво йўналиши бўйича ҳафтасига 43 та рейслар амалга оширилади.
Жорий йилнинг ёзида Вьетнам, Таиланд, Миср ва Грузияга йўловчиларни ташувчи рейслар сони сезиларли даражада ошади.