Қозоғистондаги кўмир захиралари 300 йилга етади - вазир ўринбосари

Олжас Сапарбеков
Фото: Солтан Жексенбеков/Kazinform

ASTANА. Kazinform - Астанада бўлиб ўтаётган кўмир ишлаб чиқарувчилар форумида ҚР Саноат ва қурилиш вазири ўринбосари Олжас Сапарбеков мамлакатдаги кўмир захиралари ҳақида гапирди.

“Ҳозирда кўмир саноати мамлакатимиз электр энергияси ишлаб чиқаришнинг 70 фоизини, кокс-кимё ишлаб чиқаришининг 100 фоизини, коммунал соҳа ва аҳолининг ёқилғига бўлган эҳтиёжини таъминламоқда. Соҳада 32 мингга яқин киши банд. Қозоғистоннинг кўмир захиралари етарли (33,6 млрд тонна) ва ҳозирги ишлаб чиқариш қуввати сақланиб қолса, яна 300 йил давомида кўмир қазиб олиш мумкин бўлади. Биз ишлаб чиқариш ҳажми бўйича дунёнинг 10 та давлати қаторидан жой олдик”, - деди у.

Вазир ўринбосари саноатда яшил энергияга устунлик бериш, логистика ва нархларнинг ўзгарувчанлиги каби муаммоларга дуч келаётганини таъкидлади.

Шунингдек, ушбу муаммоларни бартараф этиш учун Европа ва Осиёнинг етакчи давлатлари тажрибасига асосланган “тоза кўмир” технологиясига эътибор қаратиш зарурлигини айтди.

“Кўмир кимёси ишлаб чиқариш ҳажмини нафақат ҳозирги даражада ушлаб туриш, балки ошириш имконини берувчи жуда яхши соҳа ҳисобланади. Бунинг шарофати билан ишлаб чиқариш саноати ривожига ҳисса қўшиш мумкин. Хитой Халқ Республикасига ташрифи чоғида кўмир ишлаб чиқарувчиларимиз кўмирдан юқори рентабелликга эга ва сармояни тез қайтарадиган кимёвий маҳсулотлар олиш мумкинлигига амин бўлди. Бу йўналишда маҳаллий компанияларнинг Хитой компаниялари билан ҳамкорлиги доирасида капитал ва технологияларни жалб қилиш йўналишида ишлаяпмиз”, — деди вазир ўринбосари.

Сўнгги хабарлар