Қозоғистондаги энг катта бешта дарё

ҚР Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги мамлакатдаги энг катта бешта дарё ҳақидаги маълумотларни эълон қилди, деб хабар беради Kazinform.

Дарё
https://oz.inform.kz/

5-ўрин - Тобол дарёси

Тобол — Иртиш дарёсининг ирмоғи. Умумий узунлиги 1591 километр бўлиб, шундан 682 километри Қозоғистон ҳудудига тўғри келади. Тобол ҳавзасида умумий майдони 9000 квадрат километр бўлган 20 мингга яқин кўл ва бир нечта сув омборлари мавжуд. У асосан қор ва ёмғир сувлари билан тўлади.

4-ўрин - Ёйиқ дарёси

Дарёнинг умумий узунлиги 2534 километр бўлиб, шундан 1084 километри Қозоғистонга тўғри келади. Ёйиқ дарёси Орал тоғлари билан бирга Европа ва Осиёни ажратиб турадиган шартли чегара ҳисобланади. Ёйиқ дарёси ва унинг ирмоқлари, асосан, қор билан тўлади. Дарё Қозоғистон учун муҳим чучук сув манбаи бўлиб, балиқ овлаш ва рекреацион туризм учун имкониятлар яратади. Бу ерда балиқларнинг 40 га яқин тури, яъни, сельд, судак, сазан, лаққа каби балиқлар бор.

3-ўрин – Иртиш дарёси

Иртиш - Қозоғистондаги кемалар сузадиган энг йирик дарёлардан бири. Умумий узунлиги 4248 километр бўлиб, шундан 1698 километри Қозоғистон ҳудудига тўғри келади. Иртиш дарёси мамлакат учун жуда муҳим чучук сув манбаи бўлиб, республика иқтисодиётида муҳим ўрин тутади. Қарағанди, Павлодар, Ақмола вилоятлари Иртиш-Қарағанди канали орқали ичимлик суви билан таъминланади.

2-ўрин – Сирдарё дарёси

Сирдарё Марказий Осиёдаги энг йирик дарёлардан биридир. Тянь-Шань тоғларидан бошланиб, Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳудудидан ўтади. Умумий узунлиги тахминан 2212 километрни ташкил этади, шундан 1746 километри Қозоғистон ҳудудига тўғри келади. Бу жанубий ҳудуднинг қишлоқ хўжалиги ва саноати учун муҳим сув манбаи ҳисобланади. Орол денгизига сув қуйиладиган жойда ҳатто кемалар ҳам бор эди. Дарё бўйида кўплаб қадимий шаҳарлар мавжуд. Сирдарё Шарқ ёзувларида Шош, Хўжанд суви, юнонларда Яксарт, арабларда Сейҳун номи билан учрайди.

1-ўрин – Ишим дарёси

Ишим - мамлакатдаги энг узун дарё. Дарё Қарағанди вилоятидаги Ниёз тоғларидаги (Қозоғистоннинг кичик чўққилари шимолий чеккаси) булоқлардан бошланиб, Россия ҳудудидаги Иртиш дарёсига қуйилади.Унинг умумий узунлиги 2450 километр, шундан 1779 километри Қозоғистон ҳудудида. Ишим дарёси бўйида Астана, Ишим, Державин, Сергеевка, Петропавл шаҳарлари жойлашган. Ишим текислик дарёси ҳисобланади, шунинг учун унинг ҳавзаси қор, ер ости сувлари ва ёғингарчилик билан тўлдирилади.

Қозоғистонда 17 мингдан ортиқ дарёлар мавжуд. Бироқ, уларнинг ҳар бири табиати, узунлиги, биологик хилма-хиллиги билан ўзига хосдир.

Сўнгги хабарлар