Қозоғистонда жорий йилда 15 декабрга қадар 208 та қулай мактаб фойдаланишга топширилади

мактаб
Фото: ҚР Таълим-маориф вазирлиги

ASTANA. Kazinform – 2024 йил 15 декабрга қадар 208 та қулай мактаб фойдаланишга топширилади. Бу ҳақда Ҳукумат йиғилишида “Қулай мактаб” миллий лойиҳасининг амалга оширилиши ҳақида ҚР Таълим-маориф вазири Ғани Бейсембаев маълум қилди.

“Миллий лойиҳа бўйича мактаблар қуриш ва уларни ўз вақтида фойдаланишга топшириш “Самруқ-Қазна Констракшн” компаниясига, ер участкалари ва муҳандислик инфратузилмаси билан таъминлаш вазифаси вилоятлар ҳокимларига юклатилган. Ўтган йили “Самруқ-Қазна Констракшн” 208 та мактабни лойиҳалаш ва қуришни бошлади. Астана ва Алмати шаҳарлари маъмурияти жорий йилда хусусий лойиҳачилардан 9 та мактаб сотиб олишни режалаштирмоқда”, - деди вазир.

Унинг таъкидлашича, 98 та объектни янги ўқув йилигача, қолган 110 та объектни 2024 йил 15 декабргача фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

“Давлат раҳбари томонидан Ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилишида билдирилган танқидий фикрларни инобатга олиб, миллий лойиҳанинг сифатли амалга оширилишини таъминлаш учун барча имкониятларимизни ишга соламиз. Бунинг учун барча давлат органлари ва ташкилотлари Миллий лойиҳада белгиланган аниқ вазифаларни сифатли бажариши зарур”, - деди Ғани Бейсембаев.

Муаллиф: Марлан Жиембай

Сўнгги хабарлар