Қозоғистонда замонавий кўчманчилар учун янги Neo Nomad визаси жорий этилди

ASTANА. Кazinform - Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев топшириғига биноан Neo Nomad номли янги виза тури жорий этилди. Ушбу виза замонавий кўчманчилар -  саёҳат қиладиган ва масофадан туриб ишлайдиган чет эллик сайёҳлар учун мўлжалланган.

виза
Фото: montsame

Янги виза режимида пандемиядан кейин бундай дастурларни муваффақиятли амалга оширган 50 дан ортиқ давлатнинг халқаро тажрибаси ҳисобга олинган.

Neo Nomad визасини олиш учун чет эл фуқароси Қозоғистондан ташқарида доимий даромадга эга эканлигини исботлаши керак, унинг миқдори ойига камида 3000 АҚШ доллари бўлиши лозим. Асосий даромад талабларига қўшимча равишда, чет эллик аризачи тиббий суғурта ва судланмаганлиги тўғрисида маълумотномага эга бўлиши керак.

Виза масофадан туриб ишлайдиган сайёҳлар, яъни дастурлаш, маркетинг, молия, консалтинг, дизайн ва электрон тижорат каби турли соҳаларда ишлаётган чет эл фуқаролари учун мўлжалланган. Виза эгалари Қозоғистонда бир йилгача қолиш имкониятига эга. Бу вақт ичида улар хорижий компанияларда ишлашлари мумкин. Бу хорижлик сайёҳларга Қозоғистон маданияти ва турмуш тарзи билан яқиндан танишиш имконини берса, мамлакатга иқтисодий фойда келтириши кутилмоқда.

Агар виза жорий қилинса, йилига 500 киши олса, иқтисодий самара тахминан 3,6 миллиард тенгени ташкил қилади. Neo Nomad визасидан фойдаланадиган чет эл фуқаролари Қозоғистонда яшайди ва пулларини шу ерда сарфлайди, лекин ички меҳнат бозорига таъсир қилмайди. Бу дастурнинг муҳим жиҳатидир.

“Туризм ва спорт, Ташқи ишлар, Ички ишлар вазирликлари ва бошқа манфаатдор давлат органларининг биргаликдаги фаолияти натижасида Қозоғистон замонавий кўчманчилар саёҳати харитасига кирди. Дунёда уларнинг сони 35 миллиондан ошади ва биз уларни мамлакатимизга жалб қилиш учун барча имкониятларни ишга солиш ниятидамиз. Алмати ва Астана нео-кўчманчилар учун энг жозибадор 150 та шаҳар қаторига киради”, — деди ҚР Туризм ва спорт вазири Ербол Мирзабосинов.

Сўнгги хабарлар