Қозоғистонда йил охирига қадар яна 5 та қуёш электр станцияси ишга туширилади

ASTANA. Kazinform — Қозоғистонда жорий йилда қуёш энергетикаси қуввати янада ошади. Йил охирига қадар Қизилўрда вилоятида умумий қуввати 30 МВт бўлган иккита қуёш электр станцияси фойдаланишга топширилади. Йил бошидан бери мамлакатда умумий қуввати 62,6 МВт бўлган учта қуёш электр станцияси ишга туширилди. Бу ҳақда ҚР Энергетика вазирлиги маълум қилди.

в
Фото: Қызылорда облысы әкімдігі

Вазирлик маълумотларига кўра, Қозоғистонда қуёш энергетикаси қуввати босқичма-босқич ошиб бормоқда. Бугунги кунда мамлакатдаги қайта тикланувчи энергия манбалари объектларининг умумий ўрнатилган қуввати 3,7 ГВтни ташкил этади. Шундан 1,3 ГВт қисми қуёш электр станцияларига тўғри келади.

Жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойида қайта тикланувчи энергия манбалари объектлари 7,8 миллиард кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарди. Унинг 1,9 миллиард кВт·соати қуёш электр станциялари ҳиссасига тўғри келади.

Йил охирига қадар умумий қуввати 245 МВт бўлган 10 та қайта тикланувчи энергия манбалари объектини фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Бугунги кунга қадар умумий қуввати 212 МВт бўлган 7 та объект ишга туширилди. Уларнинг учтаси умумий қуввати 62,6 МВт бўлган қуёш электр станцияларидир:

· Манғистау вилоятидаги қуввати 20 МВт бўлган «Stellar Energy» МЧЖ;

· Қостанай вилоятидаги қуввати 22,6 МВт бўлган «Altyn Solar Energy» МЧЖ;

· Жетису вилоятидаги қуввати 20 МВт бўлган «Jetisu Terra Power» МЧЖ.

Бундан ташқари, йил охирига қадар Қизилўрда вилоятида «Альхена» МЧЖнинг умумий қуввати 30 МВт бўлган иккита қуёш электр станциясини фойдаланишга топшириш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, умумий қуввати 900 МВт бўлган қуёш энергетикаси соҳасидаги истиқболли лойиҳалар портфели шакллантирилмоқда. Умуман олганда, 2035 йил охирига қадар камида 8,4 ГВт янги қайта тикланувчи энергия қувватларини, жумладан, тахминан 1,8 ГВт қуёш энергетикаси қувватларини ишга тушириш режалаштирилган.

Йирик истиқболли лойиҳалар қаторида China Energy компаниясининг қуввати 300 МВт бўлган қуёш электр станциясини қуриш лойиҳаси, шунингдек, Tumar Commerce компаниясининг умумий қуввати 1 ГВтгача бўлган лойиҳалари бор.