Қозоғистонда яна 8 та хорижий олий таълим муассасаларининг филиали очилади
ASTANA. Kazinform — ҚР Фан ва олий таълим вазири Саясат Нурбек Қозоғистонда хорижий олий таълим муассасаларининг филиалларини очиш жараёни қандай кетаётгани ҳақида гапириб берди.

“Давлат раҳбари 2025 йилгача мамлакатимизда камида 5 та нуфузли хорижий олий таълим муассасаларининг филиалларини очиш бўйича топшириқ берди. Ҳозирда Қозоғистонга 20 га яқин кучли хорижий университетлар таклиф этилган. Бу йил янги ўқув йилида яна 8 та филиал очилади”, - деди С. Нурбек Марказий коммуникациялар хизматида.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилдан бошлаб мамлакатда жаҳон олий таълим муассасаларининг 14 та филиали фаолият кўрсатмоқда.
2029 йилга бориб мамлакатдаги хорижий олий таълим муассасаларининг филиалларида мамлакат иқтисодиёти учун зарур бўлган икки мингдан ортиқ юқори малакали мутахассислар тайёрланиши кутилмоқда.
Вазирлик маълумотларига кўра, Ал-Фаробий номидаги Қозоғистон Миллий университети негизида муҳандислик йўналиши бўйича магистрлар тайёрлаш бўйича Шимоли-ғарбий политехника университети (ХХР), Қ.Сатбаев номидаги Қозоғистон миллий техника тадқиқот университети негизида - Гонконг университети филиалини очиш режалаштирилган.
М.Дулатий номидаги Тараз вилояти университети негизида Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё ва технология университетининг филиали очилади.
Жанубий Қозоғистон Педагогика университети негизида – Гази университети филиали (Туркия); Астана халқаро университети негизида — Пекин тиллар ва маданият университети (ХХР) филиали; Нархоз университети негизида Квинс университети (Ирландия) филиали очилади.
Шунингдек, Жанубий Кореянинг КАИСТ ва Вусонг университетлари билан ҳамкорлик ишлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, мамлакатда учта кучли хорижий университетларнинг тўлиқ ҳуқуқли кампуслари ўз эшикларини очади.
Хорижий университетлар Қозоғистонга сармоя киритади, бино қуради ёки сотиб олади ва Британия форматида ёки бошқа хорижий форматда ўқитишни бошлайди.
“Алматидаги De Montfort Universityнинг биринчи битирувчилари келаси йили ўқишни тамомлайди. Шунингдек, 16 сентябрда Астанада британиялик Coventry Universityнинг катта кампуси очилади. Бундан ташқари, Туркистонда Жанубий Кореянинг Вусонг университети кампуси очилади. Бу учта хорижий университетнинг ўзига хослиги шундаки, уларнинг битирувчилари Британия ва Корея дипломларини олиб, ўша мамлакатларда тўлиқ иш режимида ишлашлари мумкин”, - деди вазир.