Қозоғистонда волонтёрликни ривожлантиришнинг янги концепцияси ишлаб чиқилмоқда

ASTANА. Кazinform – Қозоғистонда волонтёрликни қўллаб-қувватлашнинг янги концепцияси ишлаб чиқилмоқда. Ҳужжатда волонтёрлар ҳаракатини янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгилаб берилган ва секторал волонтёрликни кучайтириш кўзда тутилган. Бу ҳақда Миллий волонтёрлар фронт-офиси раҳбари Айбек Досимбетов Астана шаҳар коммуникациялар хизматида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

Қозоғистонда волонтёрликни ривожлантиришнинг янги концепцияси ишлаб чиқилмоқда
Фото: Алмати ҳокимлиги

Унинг сўзларига кўра, концепцияга киритилган муҳим йўналишлардан бири — секторал волонтёрликни ривожлантириш.

– Волонтёрлик 14 та йўналишда амалга оширилади. Ҳозирда улардан 12 таси учун методологик воситалар ишлаб чиқилган. Ўтган йили 8 та, бу йил эса яна 4 та йўналиш бўйича методологиялар ишлаб чиқилган. Ушбу ҳужжатлар волонтёрларнинг ҳар бир йўналишдаги ишини тизимлаштириш имконини беради, — деди маърузачи.

Унинг сўзларига кўра, масалан, атроф-муҳит йўналишидаги волонтёрлар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари ва саноат мутахассислари билан биргаликда ҳудудлардаги экологик муаммоларни ҳал қилишда иштирок этадилар.

Таълим соҳасидаги волонтёрлар таълим бўлимлари билан, тиббиёт соҳасидаги волонтёрлар эса соғлиқни сақлаш ташкилотлари ва шифокорлар билан ишлайди.

Шунингдек, давлат органлари ўз ваколатлари доирасида волонтёрлар ташкилотлари билан мунтазам алоқалар ўрнатишни ва волонтёрлар учун махсус тренинглар ташкил қилишни режалаштирмоқда. Бу волонтёрлар ишининг сифатини оширади ва унинг барқарор ривожланишига туртки беради.

– Умуман олганда, бугунги кунда волонтёрлар ҳаракати Қозоғистоннинг барча ҳудудларида жадал ривожланмоқда. Агар 2020 йилда мамлакатда 224 та волонтёрлар ташкилоти фаолият юритган бўлса, 2025 йилга келиб уларнинг сони 800 дан ошади. Фаол волонтёрлар сони 300 мингдан ошади ва ҳудудларда тахминан 3,5 минг ташаббускор гуруҳлар фаолият юритади, – деди Айбек Досимбеков.

Ҳозирда волонтёрлар ижтимоий қўллаб-қувватлаш, экология, соғлиқни сақлаш, таълим, туризм ва фавқулодда вазиятларга жавоб бериш соҳаларида ишламоқда. Бундан ташқари, Миллий волонтёрлар тармоғи ҳар йили 60 мингдан ортиқ волонтёрларни бирлаштиради ва Маданият ва ахборот вазирлигининг стратегик ҳамкори сифатида ишлайди.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда волонтёрлик фаолияти конституциявий даражада мустаҳкамланади.