Қозоғистонда уйлари сув остида қолган 130 та оилага янги уй-жой берилди
ASTANА. Кazinform - 20 мингдан ортиқ қозоғистонлик оилаларга сув тошқинларидан кейин давлат томонидан ёрдам берилди. Бу ҳақда Ҳукумат матбуот хизмати хабар берди.

Қозоғистон Республикаси Ҳукумати Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев топшириғига асосан жорий йилнинг баҳорида сув тошқинлари оқибатида жабрланган фуқароларга етказилган зарарни қоплаш ишларини давом эттирмоқда.
Бугунги кунда 20 601 оилага 100 БҲМ (369 200 тенге) миқдорида 7,4 миллиард тенгедан ортиқ бир марталик тўлов берилди.
Чорванинг нобуд бўлиши учун давлат ёрдами миқдори 1,1 миллиард тенгедан ошди.

11 май ҳолатига кўра 130 оила эски уй-жойи ўрнига янги уй-жойга эга бўлди.
Шу билан бирга, жабрланган фуқаролар учун Ақтўбе, Қостанай, Шимолий Қозоғистон ва Павлодар вилоятларида 239 та янги уй-жой қурилмоқда.
Шунингдек, 568 оилага уй-жойларини таъмирлаш ва тиклаш учун 710 миллион тенгедан ортиқ товон пули берилди.
Жами зарар кўрган ҳудудларда 9995 та турар жой кўздан кечирилиб, 7522 та объектда баҳолаш ишлари олиб борилди.
Тўловлар давом этмоқда ва Ҳукуматнинг қаттиқ назорати остида.
Қозоғистон Республикаси Президентининг топшириғига кўра, жабрланган барча фуқароларга ҳар томонлама ёрдам ва кўмак кўрсатилади.