Қозоғистонда туризм соҳасида 7600 дан ортиқ иш ўринлари яратилади – вазирлик

ASTANА. Кazinform - Туризмдан бюджетга солиқ тушумлари 450 миллиард тенгени ташкил этди. Бу 2022 йилдаги кўрсаткичдан 64 миллиард тенгега кўпдир. Бу ҳақда Марказий коммуникациялар хизматида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Қозоғистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлигининг Туризм саноати қўмитаси раиси Нуртас Карипбаев маълум қилди.

Туризм
Фото: freepik

2023 йилда асосий капиталга йўналтирилган инвестициялар ҳажми юқори бўлди. Жорий йилда бу кўрсаткич 787 миллиард тенгени ташкил этди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 53 фоизга кўпдир. 2024 йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, бу кўрсаткич 3 баробарга ошиб, 177 миллиард тенгега етди. Ўтган йил якунларига кўра, Қозоғистонда 57 миллиард тенгега 117 та янги туристик объект очилган. Умумий қиймати 430 миллиард тенге бўлган яна 297 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.

“Агар улар ҳаётга татбиқ этилса, 7 минг 647 иш ўринлари яратилади. Бу иш ўринларининг 3219 таси доимий, 4428 таси мавсумий, шунингдек, 10 мингдан ортиқ ўрин-жой ташкил этилиши режалаштирилган. 2024 йил охиригача умумий қиймати 246 миллиард тенге бўлган 148 та лойиҳани якунлаш режалаштирилган. Бу лойиҳалар 2 минг 457 иш ўринлари ва 5 минг 970 ўрин-жой яратиш имконини беради”, — деди қўмита раҳбари.

Туризм ва спорт вазирлиги туризм соҳасида сармоявий салоҳиятни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Устувор йўналишлар рўйхати ТОП-20 га кенгайтирилди. Шу тариқа бутун ҳудудда катта салоҳиятга эга жойлар аниқланди. Ҳар бир йўналишда устувор туристик ҳудудлар яратиш режалаштирилган.

Сўнгги хабарлар