Қозоғистонда “ЦОН” мобил иловасидан фойдаланувчилар сони қарийб 670 минг нафарга етди

ORAL. Кazinform – Қозоғистонда уч ҳафта ичида “ЦОН” мобил иловасининг янги хизматидан 4500 га яқин киши фойдаланди.

АХКМ
Фото: Kazinform

“Фуқаролар учун ҳукумат” давлат корпорациясининг Ғарбий Қозоғистон бўлимидан маълум қилишларича, жорий йилнинг 28 апрелидан бошлаб “ЦОН” мобил иловасида пенсия ва нафақаларни ҳисоблаш бўйича фойдали хизмат ишга туширилди. Бу фуқароларга ўз уйларидан чиқмасдан туриб, ижтимоий тўловлар миқдорини олдиндан ҳисоблаш имконини беради.

Хизмат ишга туширилгандан бери 4470 киши ҳисоб-китобларни амалга оширган. Бугунги кунда калькулятор 8 турдаги ижтимоий тўловлар/нафақалар ва 5 та асосий пенсия тоифаларини ҳисоблаши мумкин:

  • пенсия: асосий, бирдамлик ва жамғариб бориладиган пенсия;
  • туғиш: ҳомиладорлик, туғиш ёки фарзанд асраб олиш билан боғлиқ даромадни йўқотиш учун тўлов, шунингдек, 1,5 ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа;
  • ногиронлик: меҳнат қобилиятини йўқотган тақдирда ижтимоий тўлов;
  • ишсизлик: ишни йўқотган тақдирда ижтимоий тўлов;
  • боқувчисини йўқотиш: боқувчисини йўқотган тақдирда тўлов.

Ҳисоблаш фойдаланувчи томонидан киритилган маълумотларга асосланганлиги сабабли, тўлов натижаси тахминий ва фақат маълумот учун тақдим этилади. Ижтимоий тўловларнинг аниқ миқдори ариза берувчининг ваколатли давлат органига тақдим этган маълумотлари асосида ҳисоблаб чиқилади ва расмий равишда тайинланади.

Хизматдан фойдаланиш учун “ЦОН” мобил иловасини (Google Play ва App Storeда мавжуд) юклаб олиш ва кейин давлат биометрик идентификация хизмати орқали авторизациядан ўтиш керак. Кейин тегишли бўлимни танлаш ва керакли маълумотларни киритиш лозим.

“ЦОН” мобил иловаси электрон хизматлардан тезкор фойдаланиш имконини берувчи кенг қамровли рақамли канал сифатида жадал ривожланмоқда.

- Энг оммабоп хизматлардан бири бу АХКМда навбат кутиш учун олдиндан банд қилишдир. Ҳар ҳафта илова орқали 60 000 га яқин электрон талонлар чиқарилади, бу эса навбатда кутиш вақтини сезиларли даражада қисқартиради ва хизмат кўрсатиш тезлигини оширади.

Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун зарур бўлган имтиҳонга рўйхатдан ўтиш хизматидан ҳам кенг фойдаланилмоқда. Ҳар ҳафта назарий имтиҳонга 8000 дан ортиқ, амалий имтиҳонга 7000 га яқин киши ёзилади.

Айни пайтда 670 мингга яқин фойдаланувчи “ЦОН” мобил иловасини юклаб олиб, фаол фойдаланмоқда, — дея хабар беради идорадан.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонда давлат хизматларини олиш учун 50 тадан ортиқ виртуал ёрдамчилар яратилиши ҳақида хабар берган эдик.

Муаллиф: Ғайсағали Сейтақ

Сўнгги хабарлар