18:49, 15 Сентябрь 2022 | GMT +5
Қозоғистонда трансплантацияларнинг 84,2 фоизида қариндош донорларнинг аъзолари қўйилади
NUR-SULTAN. Kazinform - Қозоғистонда трансплантацияларнинг 84,2 фоизида қариндош донорлар аъзолари қўйилади. ҚР Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тиббий ёрдамни ташкил этиш департаменти директори ўринбосари Кулаим Биржанова мамлакатда трансплантация хизматини ривожлантириш бўйича тизимли чора-тадбирлар тўғрисида маълумот бериб ўтди, дея хабар беради Kazinform.

«2012 йил 8 август куни Қозоғистонда Миллий илмий кардиожарроҳлик маркази базасида биринчи марта донор юрак трансплантацияси ўтказилганди. 2012 йилдан ҳозирги кунга қадар Қозоғистон Республикасида 2000 дан ортиқ орган трансплантацияси, шу жумладан 87 та юрак трансплантацияси амалга оширилди. Қозоғистонда қариндош донорлар аъзоларини трансплантация қилиш улуши 84,2 фоизни, вафот этган донордан трансплантация қилиш 15 фоизни ташкил этади»
, - дейди шифокор.
Унинг сўзларига кўра, мамлакатда орган донорлигини ривожлантириш мақсадида бир қатор тизимли чора-тадбирлар амалга оширилган.
«Меъёрий-ҳуқуқий база такомиллаштирилди, хусусан, фуқароларнинг ўлимдан кейин орган донори бўлиш истагини ҳақиқатда ифодалаш ҳуқуқи egov.kz порталида тартибга солинди, донорга компенсация тўлаш механизми жорий этилди. Электрон форматда «кутиш рўйхати» тузилди»
, - дейди Кулаим Биржанова.