Қозоғистонда таълим соҳасида 500 мингга яқин ўқитувчи меҳнат қилади
Қозоғистон таълим соҳасида – мактабгача таълим, ўрта, техник ва касб-ҳунар таълим муассасаларида 500 мингга яқин ўқитувчи ишлайди, дея хабар беради Kazinform.
ҚР Таълим-маориф вазирлиги маълумотларига кўра, бугунги кунда Қозоғистон мактабларида 340 958 нафар ўқитувчи меҳнат қилмоқда. Уларнинг 274 минг нафари аёллар, 66 минг нафари эркаклардир. 10 йилгача стажга эга 139 минг, 10 йилдан 20 йилгача бўлган 98 минг, 20 йилдан 30 йилгача 64 минг, 30 йилдан ортиқ стажга эга 39 минг нафар ўқитувчи фаолият кўрсатмоқда.
Шунингдек, техник ва касб-ҳунар таълими муассасаларида 36 минг 315 нафар ўқитувчи меҳнат қилмоқда. Уларнинг 24 минг нафари аёллар, 11 минг 860 нафари эркаклар. 10 йилгача стажга эга 19 минг, 10 йилдан 20 йилгача 8 минг, 20 йилдан 30 йилгача 5 минг, 30 йилдан ортиқ стажга эга 3521 нафар ўқитувчи фаолият юритади.
Мактабгача таълим муассасаларидаги педагоглар сони 97 188 нафарни ташкил этади. Уларнинг 94648 нафари аёллар, 2540 нафари эркаклардир. 10 йилгача стажга эга 64 минг, 10 йилдан 20 йилгача 20 минг, 8 йилдан 30 йилгача 5 минг, 30 йилдан ортиқ тажрибага эга 4 минг нафар ўқитувчи фаолият кўрсатмоқда.