Қозоғистонда талабалар учун қўшимча грантлар ажратилади - вазир
ASTANA. Kazinform - Янги ўқув йили арафасида Қозоғистонда 10 мингдан ортиқ қўшимча грантлар ажратилади. Бу ҳақда Ҳукумат йиғилишида ҚР Фан ва олий таълим вазири Саясат Нурбек маълум қилди.
"Қўшимча имкониятлар мавжуд. Юқори балл олган, бироқ грантга эга бўлмаганлар учун имконият бор. Ҳозирда бир нечта ташкилотлар ўз грантларини тақдим этмоқда. Шунингдек, маҳаллий ижро ҳокимияти органларидан 2 мингдан ортиқ грант ажратилмоқда. Бу кўрсаткич яна ортади. Бундан ташқари, KazEnergy ҳамжамиятининг грантлари мавжуд. Х.А. Яссавий номидаги Халқаро қозоқ-турк университетида таълим олиш учун Туркия Республикасининг 500 та гранти берилди. Freedom Finance Group томонидан 400 та грант ажратилди. Туркистондаги Халқаро туризм ва меҳмондўстлик университети 800 та мақсадли грант таклиф қилди. «Қазақстан халқына» жамғармаси томонидан 850 та грант ажратилади», - деди С.Нурбек.
Унинг таъкидлашича, Сатбаев, Есенов, Аманжолов, Торайғиров, Туран-Астана ва бошқа университетлар ректорлик грантларини ажратади. Бундан ташқари, сессия натижаларига кўра бепул грантлар олиш имконияти ҳам мавжуд.
“Иш берувчилар грантлари ҳам тақдим этилади. Умуман олганда, 10 мингдан ортиқ қўшимча грантлар ажратилади”, - деди вазир.
Муаллиф: Руслан Ғаббасов