Қозоғистонда сувни тежаш тизимлари учун субсидиялар 30 фоизга ошди
ASTANА. Кazinform — Мамлакатда фермерлар учун сувни тежовчи тизимларни харид қилиш ва ўрнатишга бериладиган субсидиялар миқдори 50 фоиздан 80 фоизга оширилди. Бу замонавий суғориш тизимини сотиб олиш, шунингдек, барча зарур инфратузилмани таъминлаш харажатларини қоплашга ёрдам беради.

Субсидиялар миқдорини ошириш мақсадида Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорлик қилди.
Таъкидлаш жоизки, қишлоқ хўжалиги мамлакатда энг кўп сув ресурсларини истеъмол қиладиган тармоқ ҳисобланади.
Республика ҳудудида тўпланган умумий сув захираларининг 60 фоизи ёки суткасига 40 минг тоннадан ортиқ сув қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сарфланади.
Вазирлик томонидан фермерларни сувни тежаш ва ундан самарали фойдаланишга ундаш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.
Хусусан, янги Сув кодексида сувни тежаш технологияларини жорий этиш даражасига қараб сув таъминоти хизматлари учун субсидиялар ва пасайтирилган тарифлар кўринишида давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари кўзда тутилган.
Шунингдек, суғориш учун сув тарифини етиштириладиган экинлар тури ва улар томонидан истеъмол қилинадиган сув миқдоридан келиб чиқиб ҳисоблаш таклиф этилади.
Бундан ташқари, республикада қудуқларни бурғулаш харажатларини субсидиялаш миқдори 80 фоизгача ошди.
“Субсидия миқдорини ошириш Ҳукумат томонидан фермерлар учун катта ёрдам ва яхши имкониятдир. Вазирлигимиз бутун мамлакат бўйлаб сувдан самарали фойдаланиш технологияларини жадал жорий этишни режалаштирмоқда. Давлат раҳбарининг топшириқларини ҳаётга татбиқ этиш мақсадида 2030 йил якунигача бўлган муддатга режа тузилиб, ҳар бир ҳудудда сувни тежаш тизимлари ўрнатилган экин майдонларини кўпайтириш бўйича аниқ кўрсаткичлар берилди. Шундай қилиб, 2030 йил охирига қадар республикадаги суғориладиган ерларнинг умумий ҳажмининг 50 фоиздан ортиғини сувни тежовчи технологиялар билан қамраб олиш ҳисобига йилига 2,1 куб километргача сувни тежаш режалаштирилган”, — деди Сув ресурслари ва ирригация вазири Нуржан Нуржигитов.