Қозоғистонда сув тошқинидан жабрланганлар учун 5767 та хонадон сотиб олинди
ASTANA. Kazinform - Бош вазир ўринбосари Қанат Бозимбаев Ҳукумат йиғилишида сув тошқини туфайли ягона уйидан айрилган аҳолига кўрсатилаётган ёрдам ҳақида гапириб берди.
“Ягона бошпана ҳисобланган 17 минг 600 га яқин уй ва дала уйлари сув остида қолган. Мустақил баҳоловчи ташкилотлар ва комиссиялар томонидан олиб борилган тадқиқотлар натижасида 9 156 та уй таъмирга яроқли, 8447 та уй хавфли деб топилди.
Ягона уй-жойи хавфли деб топилган уй-жойлар эгаларига ёрдам кўрсатиш мақсадида, Давлат раҳбари уларни янги уй-жой билан таъминлашга қарор қилди.
Бу кенг кўламли ишлар қисқа муддатда амалга оширилди. 3,5 ойда намунавий лойиҳалар бўйича 2 576 та уй-жой қурилиб, иккиламчи бозорда 5767 та уй ва хонадон сотиб олинди. Бундан ташқари, 9 156 та уй таъмирланди”, — деди бош вазир ўринбосари.
Қанат Бозимбаев бу ишлар Атирау, Ақтўбе, Қостанай ва Шимолий Қозоғистон вилоятларида якунланганини таъкидлади.
“Бугунги кунда Ақмола вилоятида 38 та, Ғарбий Қозоғистон вилоятида 28 та уй қурилиши якунланмоқда. Якуний муддат - 1 октябрь.
Шунингдек, Ғарбий Қозоғистон вилоятининг Сирим туманида ер ости сувларининг қайта кўтарилиши туфайли сомондан қурилган 38 та уй авария ҳолатига тушиб қолган. Бу факт август ойи охирида аниқланган. Шу муносабат билан тўғридан-тўғри уй қуришга қарор қилинди. Қурилишнинг тугалланиш муддати - 15 октябрь.
Мазкур вилоятлар ҳокимларидан қурилишни белгиланган муддатларда якунлаш бўйича тегишли топшириқ беришларини сўрайман”, — деди Қанат Бозимбаев.
Муаллиф: Есимжан Нақтибай