Қозоғистонда сув тошқинидан жабр кўрган қанча оила уй олди
ASTANA. Kazinform - Ҳукумат томонидан ҳудудларда сув тошқинидан жабр кўрган оилалар учун уй-жой қуриш ва сотиб олиш, уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш борасида амалга оширилаётган ишлар доимий назоратга олинмоқда. Бу ҳақда Kazinform агентлиги Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизматига таяниб хабар беради.
Шу тариқа, 4 минг 769 оила вайрон бўлган уй-жой ўрнига янги уй ва хонадонларга эга бўлди. Шунингдек, жабрланган ҳудудларда 2568 та янги уй-жой қурилиши жадал суръатларда олиб борилмоқда, шундан 470 таси тўлиқ якунланиб, аҳолига калитлари топширилди.
Шимолий Қозоғистон вилоятида 285 та, Қостанай вилоятида 57 та, Ғарбий Қозоғистон вилоятида 80 та, Ақтўбе вилоятида 43 та ва Павлодар вилоятида 5 та уй-жой фойдаланишга топширилди.
“Барча ҳудудларда сув босган уй-жойларни текшириш ва баҳолаш ишлари 100 фоизга бажарилди. 8 минг 853 оилага таъмирлаш ва тиклаш ишлари учун умумий қиймати 49,3 миллиард тенгега тегишли тўловлар тўланди. 34 минг 216 оилага 100 БҲМ миқдорида 12,6 миллиард тенге бир марталик компенсация тўланди. Шунингдек, йўқолган асосий нарсаларни сотиб олиш учун 150 БҲМгача қўшимча тўловлар амалга оширилади. Бугунги кунга қадар 21 минг 869 оилага 9,9 миллиард тенгега ана шундай ёрдам кўрсатилди», - дейилади хабарда.
Зарар кўрган корхоналарга компенсация тўлаш бўйича ишлар давом этмоқда. Ҳудудий комиссиялар томонидан кичик ва ўрта бизнес субъектларининг умумий қиймати 7,9 млрд тенгега тенг аризалари кўриб чиқилди. Ўлган чорва моллари учун давлат ёрдами ҳажми 2,8 миллиард тенгедан ошди.