Қозоғистонда сунъий интеллект ёзган янгиликларга махсус белги қўйилиши мумкин

ASTANA. Kazinform — Қозоғистонда сунъий интеллект ёрдамида тайёрланган ахборот материалларига махсус белги қўйиш таклиф этилди. ҚР Маданият ва ахборот вазирининг биринчи ўринбосари Қанат Исқақов Astana Media Week форумида ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, таҳририятларда сунъий интеллектдан фойдаланишнинг умумий қоидаларини ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади.

Қозоғистонда сунъий интеллект ёзган янгиликларга махсус белги қўйилиши мумкин
Фото: Солтан /Kazinform

Унинг сўзларига кўра, ўқувчи ва томошабин ахборотни тайёрлаш жараёнида сунъий интеллектдан фойдаланилганини билиши керак. Бундай очиқлик ахборотга бўлган ишончни сақлаб қолиш имконини беради.

«Алгоритм матн ёза олади. Бироқ у ёзган сўзлари учун жавоб бера олмайди. Эълон қилинган ахборот учун журналист ва таҳририят масъулдир», — деди Қанат Исқақов.

У сунъий интеллектдан фойдаланиш тартибини медиа вакиллари ҳамкорликда белгилаши керак, деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, касбий этика талаблари юқоридан мажбуран жорий этилмасдан, журналистларнинг умумий келишуви асосида шаклланиши лозим.

Шунингдек, у ахборотнинг ишончлилигини таъминлаш учун таҳририятлар касбий талабларга риоя қилиши муҳимлигини таъкидлади. Рақамли платформалар билан рақобатлашиш учун тезкор ишлаш зарур бўлса-да, бу маълумотларни текшириш ва материаллар сифатидан воз кечишга сабаб бўлмаслиги керак.

«Ҳар қандай технологиянинг имкониятлари кенгайгани сари, ундан фойдаланишдаги масъулият ҳам ортиб боради», — деди у.

Қанат Исқақовнинг айтишича, давлат сифатли журналистикани қўллаб-қувватлашни давом эттиради. Бу йўналишда қонунчилик ташаббуслари, молиялаштириш ва грант дастурлари назарда тутилган. Айниқса, ахборотнинг ишончлилигини текшириш ҳамда давлат тилидаги маҳаллий контентни ривожлантиришга устувор аҳамият берилади.

У сохта ахборотни ажрата билиш фақат журналистлар ва фактчекерларнинг вазифаси эмаслигини ҳам эслатди. Шу боис медиа саводхонликни ошириш жамият учун муҳим вазифа бўлиб қолади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Astana Media Week форуми 14-16 октябрь кунлари бўлиб ўтиши ҳақида хабар берилган эди.