Қозоғистонда суд маъмурияти ташкил этилиши мумкин

None
ASTANA. Кazinform – Қозоғистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар департаменти Судлар маъмурияти этиб қайта ташкил этилади. Бу ҳақда тегишли органнинг жамоатчилик муҳокамасига чиқарилган «Суд маъмуриятининг айрим масалалари тўғрисида»ги қарорида айтилади, деб хабар беради Kazinform мухбири.

Ҳужжатга мувофиқ, суд маъмуриятининг вазифалари:

- суд маъмурияти соҳасида давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш;

- одил судловни тўлиқ ва мустақил амалга ошириш учун зарур ва тегишли шароитларни яратиш;

- суд-ҳуқуқ тизими ва судлар фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган тизимли ислоҳотларни ривожлантириш.

«Суд маъмурияти – Қозоғистон Республикаси Олий суди, маҳаллий ва бошқа судлар фаолиятини ташкилий-ҳуқуқий, ахборот-таҳлилий ва моддий-техник жиҳатдан таъминлайдиган суд маъмурияти соҳасидаги ваколатли давлат органи», — дейилади қарорда.

Бундай ёндашув суд раисларини маъмурий функциялардан озод қилиш имконини беради. Яъни, эндиликда судялар корпуси фақат одил судловни амалга ошириш масалалари билан шуғулланади.

Агар суд маъмуриятига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ваколат берилган бўлса, у давлат номидан фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларнинг вакиллик органи бўлишга ҳақли.

«Бироқ, суд маъмуриятига ўз ваколатига кирувчи вазифаларни бажариш доирасида тадбиркорлик субъектлари билан шартномавий муносабатларга киришиш тақиқланади», - дейилади янги ташкил этиш тартибини белгиловчи ҳужжатда.

Шунингдек, суд маъмурияти ходимларининг иш ҳақи Қозоғистон Республикаси Бош вазири аппарати ва Қозоғистон Республикаси Парламенти палаталари ходимларининг иш ҳақига тенглаштирилади.

Олий суд ва Ҳукумат суд маъмуриятини яратиш ва зарур чораларни кўриш учун жавобгардир. Бу йўналишдаги ишлар 3 ой ичида якунланиши керак.

Муаллиф: Алихан Асқар

Сўнгги хабарлар