Қозоғистонда самолёт хизматидан фойдаланувчилар сони 1 йил ичида 22 фоизга ошди
Бугун Қозоғистон Республикаси Транспорт вазири Марат Қарабаев авиация соҳаси вакилларини Халқаро фуқаро авиацияси куни билан табриклади, дея хабар беради Кazinform вазирлик матбуот хизматига таяниб.

"Қадрли ҳамкасблар! Халқаро фуқаро авиацияси куни билан табриклайман! Мамлакатимиз авиациясининг гуллаб-яшнаши ва ривожланишига катта ҳисса қўшаётган фуқаро авиацияси ходимлари шарафига таъсис этилган бу кун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси қарори билан нишонланади. Касбий байрам 1994 йил 7 декабрда Халқаро фуқаро авиацияси тўғрисидаги конвенция имзоланганининг 50 йиллиги муносабати билан нишонлана бошлади. Ушбу конвенцияга мувофиқ, БМТнинг махсус агентлиги – Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ИКАО) ташкил этилди”, — дейилади табрикда.
Байрам муносабати билан вазир йил бошидан буён авиация соҳасида эришилган қатор ютуқларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Унинг сўзларига кўра, йил охирига қадар ички аэропортларда йўловчилар оқими 25 миллиондан ортиқ йўловчини ташкил этиши кутилмоқда, бу ўтган йилга нисбатан 22 фоизга кўпдир. Ички юк ташиш ҳажми тўлиқ тикланди ва ҳафтасига 50 та йўналиш бўйича 640 та рейсни ташкил этади.
Йил давомида маҳаллий авиапарк жами 9 та самолёт билан тўлдирилди. Ижтимоий аҳамиятга молик йўналишларнинг транспорт қулайлигини ошириш мақсадида 7 та ҳудуддаги 23 та ички ҳаво йўналишлари субсидияланган.
Бугунги кунда Қозоғистон 28 давлат билан халқаро ҳаво қатновини йўлга қўйган. Улар орасида жорий йилда 13 та давлатга 23 та йўналиш бўйича ҳафтасига 57 та рейс частотаси билан янги рейслар очилди ва қайта йўлга қўйилди. Парвозлар хавфсизлигининг эришилган даражасини янада ошириш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги ишлар давом этмоқда.