Қозоғистонда Республика куни иккинчи марта миллий байрам сифатида нишонланмоқда
Бу йил Қозоғистонда 25 октябрда Республика куни иккинчи марта миллий байрам сифатида нишонланмоқда, деб хабар беради Kazinform агентлиги.

Ўтган йилнинг 29 сентябрь куни мамлакат Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев “Қозоғистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига кинематография, маданият ва байрамлар масалалари бўйича ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолаган эди. Мазкур қонунга мувофиқ, 25 октябрь – миллий байрам – Республика куни, 16 декабрь – давлат байрами – Мустақиллик куни сифатида белгиланди.
1990 йил 25 октябрда Қозоғистоннинг давлат суверенитети тўғрисидаги декларация қабул қилинган. Шунинг учун ҳам бу кун мустақилликка ташланган илк қадам сифатида эъзозланади.
Республика куни 2001 йилдан бери миллий байрамлар рўйхатига киритилган. Аммо 2009 йилда Нурсултон Назарбоевнинг фармони билан у бекор қилинган. 2022 йил июнь ойида эса Қасим-Жомарт Тоқаев Миллий қурултой йиғилишида Республика кунига миллий байрам мақомини қайтаришни таклиф қилган эди.
Республика куни давлат байрами эмас, балки миллий байрам тоифасига кирди. Миллий байрам кунлари давлат идораларида расмий тадбирлар мажбурий равишда ўтказилади. Чунки улар алоҳида тарихий аҳамиятга эга бўлган ва давлатчилик ривожига сезиларли таъсир кўрсатган воқеалар қаторига киради. Мустақиллик байрами эса давлат байрами сифатида нишонланади.
25 октябрь Қозоғистонда - Республика куни. Байрам муносабати билан одамлар дам олади. Бу йил ушбу байрам чоршанба кунига тўғри келади. Шунинг учун беш кун ва олти кун ишлайганлар ҳам бир кун дам олади.
Республика куни дунё мамлакатларида ҳам катта аҳамиятга эга. Масалан, Сербияда – 9 январь, Албанияда – 11 январь, Ҳиндистонда – 26 январь, Венгрияда – 1 февраль, Покистонда – 23 март, Непалда – 28 май, ЖАРда - 31 май, Италияда – 2 июнь, Исландияда – 17 июнь, Тунисда – 25 июль, Хитойда – 1 октябрь, Португалияда – 5 октябрь, Туркияда – 29 октябрь, Бразилияда – 15 ноябрь, Буркина-Фасода – 11 декабр, Мальдда – 13 декабрь, Нигерда – 18 декабрь, Мадагаскарда – 30 декабрда Республика куни нишонланади.